ЎзА Ўзбек

10.09.2018 17:59 Чоп этиш версияси

Янги китоб тақдимоти

Янги китоб тақдимоти Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги институти фаолиятига бағишланган “25 йил: шараф, маҳорат ва мардлик мактаби” номли китоб тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси масъуллари, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда аҳолининг мол-мулкини олов исканжасидан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатаётган инсонлар меҳнатини қадрлаш, малакали мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

3.JPG

Ушбу китоб Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтининг 25 йиллигига бағишлаб Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди. Унда институтнинг ташкил топиши, ривожланиш босқичлари, тузилма ва кафедралари фаолияти, кадрлар тайёрлаш тизимининг шаклланиши каби кўплаб мавзулар қамраб олинган.

Тадбирда соҳа ходимлари бугунги кунда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, олиб борилаётган изланишлар ва таҳлилларга тўхталиб ўтди.

– Ўтган даврда ёнғин хавфсизлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича институтда 7 мингдан ортиқ мутахассис тайёрланди, – дейди ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Ортиқбоев. – Институтимиз олимлари томонидан 250 дан ортиқ дарслик, ўқув-қўлланмалари, монографиялар яратилган бўлса, 30 дан ортиқ соҳага оид ихтироларга патент олинди. Бу ишланмалар хизмат амалиётида унумли татбиқ этилмоқда. 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб, мамлакатимиздаги 15 касб-ҳунар коллежида ёнғин хавфсизлиги мутахассислиги бўйича гуруҳлар ташкил этилди. Германия, Франция, Россия, Хитой, Япония ва бошқа хорижий давлатларнинг турдош олий таълим даргоҳлари, илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Абдулазиз Мусаев, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
4 335