ЎзА Ўзбек

11.09.2018 20:22 Чоп этиш версияси

Янги китоблар армуғони

Янги китоблар армуғони Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Адиб ва жамият” рукни остида нашр этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов ва бошқалар мамлакатимизда барча соҳалар қатори адабиёт ривожига қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритди.

11 (3).JPG

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августдаги ижодкор зиёлилар билан учрашувидан кейин адабиётимизда рўй берган жонланиш, ижобий ўзгаришлар ижодкорларни Ватан ва халқ олдидаги масъулиятини ҳис этишга ундаётгани, янги асарлар яратишга илҳомлантираётгани таъкидланди.

Президентнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги босқич бошланишига ҳуқуқий асос бўлаётир.

Ана шу эътибор ва ғамхўрликка жавобан яратилган бир қатор асарлар “Адиб ва жамият” рукнида нашр этилди.

12 (3).JPG

Анвар Обиджоннинг “Фарғоналиклар” эссе сафарномаси, Эшқобил Шукурнинг “Бобо сўз изидан” сўз ҳақида тадқиқотлари, Энахон Сиддиқованинг “Барханларда унган гул” лиро-эпик қиссаси, Иқбол Мирзонинг “Зарб” қиссаси, Маҳмуд Тоирнинг “Янгиланаётган Ўзбекистон” шеърлар ва мақолалар тўплами, Шодмонқул Саломнинг “Кўнгил обидасига йўл” публицистик мақолалари тўплами, шунингдек, “Мен Ўзбекистон фуқаросиман” ва “Халқ қалбига йўл” мақолалардан иборат тўпламлар ҳозирги ўзбек адабиёти ривожи ва ислоҳотларимиз мазмун-моҳияти ҳақида ҳикоя қилади.

Тадбирда ушбу асарларнинг дунёга келиш тарихи, моҳияти ҳақида сўз юритилиб, бугунги кунда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Гулноза Бобоева, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА
6 415