ЎзА Ўзбек

07.09.2018 19:41 Чоп этиш версияси

Янги ижодий лойиҳа мухлисларга мунтазир

Сентябрь ойи мусиқа байрамлари, санъат фестиваллари, кино премьералари, концертларга бой бўлмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларни миллий ва жаҳон мусиқа меросининг энг сара намуналаридан баҳраманд этиш йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ифодасидир.

Жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри жамоаси санъат мухлисларига ажойиб совға улашади. Театр ҳудудига туташ майдонда очиқ осмон остидаги навбатдаги мусиқий дастур томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

«Open Air. Серенадалар, классик ва рок мусиқа» деб номланган концерт юлдузларга тўла осмон остида, жонли ижрода бўлиши билан аҳамиятлидир.

Икки кун мобайнида ушбу майдонга мумтоз мусиқа шинавандалари жам бўлади. Навбатдаги "Open Air" концерти Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрининг янги 89-ижодий мавсуми очилишига бағишланади. Хиёбондаги ғоят бетакрор табиат манзараси, кўм-кўк майсазорлар, азим чинорлар, анвойи гуллар, мусиқий фонтан кечага янада жозиба, файз ва мўъжизакор руҳ бағишлашига шубҳа йўқ.

Бу ерда мазкур театрнинг оркестр жамоаси ҳамда моҳир дирижёр Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри, опера санъати юлдузлари, халқаро танловлар совриндорлари, иқтидорли ёшлар жаҳон ва ўзбек композиторларининг асарлари, кинофильмларда янграган куй-қўшиқлар, опералардан ариялар, замонавий мусиқа намуналарини санъат мухлислари эътиборига ҳавола этади.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 860