Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2018 22:26 Чоп этиш версияси

Янги институт аҳоли муаммоларини ҳал этишга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолияти тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган сенаторлар, депутатлар, сиёсий партиялар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистларга мазкур институтнинг асосий вазифалари, тузилмаси, устувор йўналишлари ва режалари ҳақида маълумот берилди.

Институтда 37 штат бирлиги жорий этилиб, 7 бўлим фаолияти йўлга қўйилган. Улар турли соҳалар бўйича қонунларни такомиллаштириш борасида иш олиб боради. Институт Олий Мажлисга келаётган турли таклифларни чуқур таҳлил қиладиган илмий марказ вазифасини бажаради.

– Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ижросини кўриб чиқиш, қабул қилиш ва мониторинг қилиш тартиби, қонунчилик механизмлари ва парламент қонунчилик фаолияти, Ҳаракатлар стратегиясининг мақсад ва вазифаларини ҳисобга олган миллий қонунчилик тизимини такомиллаштириш, қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қонунларнинг таъсирчанлигини ошириш – асосий мақсадимиз, – дейди институт бўлим бошлиғи Шерзод Зулфиқоров. – Келгусида қонунларнинг амалиётда қўлланилишини баҳолаш механизмини ишлаб чиқиш, парламент фаолиятининг методологик асосларини яратиш сингари лойиҳалар амалга оширилади.

Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти яқин вақт ичида тадбиркорлик, савдо ва экология соҳасидаги қонун ҳужжатларини кодификация қилиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш, қонунлар ижросини таъминлаш билан боғлиқ фуқаролар, тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг ортиқча бюрократик харажатларини бартараф этишнинг истиқболли йўлларини топиш, жиноий ва жиноий-процессуал қонунчиликни ишлаб чиқиш концепциясини яратишни режалаштирмоқда.

Иқтисодиёт соҳасида амалдаги қонунларни инвентаризация қилиш ва унинг натижаларига кўра, тахминан 10 та янги қонун лойиҳасини тайёрлаш белгиланган. Жумладан, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири тайёрланади.

2018 йилда институт Европа парламенти тадқиқотлари маркази, АҚШ, Германия, Туркия, Жанубий Корея парламентларининг илмий муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолашни режалаштирган.

Тақдимот иштирокчилари қайд этганидек, мазкур институтнинг ташкил этилгани Олий Мажлис фаолиятини тубдан такомиллаштиришга, парламент фаолиятида самарадорликни кучайтиришга, аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг таъсирчан механизмини амалда қўллашга хизмат қилади.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 890