ЎзА Ўзбек

01.08.2018 16:18 Чоп этиш версияси

Янги бинода янги ташаббуслар билан

Қаршида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти Қашқадарё вилояти филиалининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.

Қисқа фурсатда қуриб битказилган бино ўзига хос замонавий ва кўркам меъморий ечимга эга. Лойиҳа қиймати 3 миллиард 850 миллион сўм бўлган иншоот “NASAF HAMKOR TARAQQIYOT” МЧЖ бунёдкорлари томонидан қурилди.

3 қаватли замонавий бино 36 хонадан иборат бўлиб, ходимлар учун барча қулайликлар яратилган.

Бинонинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, “Ўзагросуғурта” АЖ раҳбарияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан мутахассислар иштирок этди. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ишчилар учун яратилаётган шароитлар алоҳида таъкидланди. Меҳмонлар “Ўзагросуғурта” АЖ Қашқадарё вилояти филиали фаолияти билан танишди.

“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти ушбу тизимдаги йирик компаниялардан биридир. Қарийб 20 йилдан кўпроқ вақтдан буён фаолият юритиб келаётган компания бугунги кунда 150 га яқин турдаги суғурта хизматлари кўрсатади.

Тадбир доирасида компания фаолиятига бағишланган ўқув-семинар ҳам ўтказилди. Унда суғурта хизматларини янада яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган суғурта хизмати турлари сифатли бўлишини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

– Бу ерда барча ҳудудлардан соҳа вакиллари жам бўлганидан фойдаланиб, компаниямизнинг ярим йиллик кўрсаткичларига бағишланган йиғилиш ҳам ўтказилди, – дейди “Ўзагросуғурта” АЖ қайта суғурталаш департаменти бош менежери Миролим Турғунбоев. – Компанияга жорий йил биринчи ярмида 115 миллиард сўм суғурта мукофотлари йиғими келиб тушди. Суғурта қилдирувчиларга 21 миллиард сўмдан ортиқ суғурта товони тўлаб берилди. 1 миллион 400 дан ошиқ суғурта шартномалари имзоланди. “Ўзагросуғурта” вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқаётган юртдошларимиз учун махсус суғурта жорий этди. Айни пайтда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун четга чиқаётган фуқароларга мамлакатимизнинг 14 ҳудудида махсус шохобчалар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, юртдошларимизнинг ишга бораётган мамлакатлардаги суғуртавий ҳимоясини, суғуртавий шартномалари амалга оширилишини назорат қилиш учун жамият ваколатхоналари ташкил этилмоқда. Айни пайтда Россия Федерациясида ўз ваколатхонамиз бор. Қозоғистонда ҳам тез кунларда ваколатхона ўз фаолиятини бошлайди. Бундан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг мулкий ва шахсий ҳаёти билан боғлиқ манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашдир.

Ўлмас Баротов, ЎзА
5 726