ЎзА Ўзбек

08.03.2018 15:40 Чоп этиш версияси

Янги қарор: Ўзбекистонда ногирон ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланади

Янги қарор: Ўзбекистонда ногирон ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланади
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситаларидан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. 

Бу ҳақда чоршанба куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" каналида хабар қилинди.

Қайд этилишича, қарор билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланиши учун республикада ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни махсус ускуналар билан қайта жиҳозлаш мазкур шахсларнинг буюртмаларига асосан “GM Uzbekistan” АЖ расмий дилерларининг ихтисослаштирилган сервис марказлари орқали амалга оширилиши белгиланди.

Шу мақсадда “Ўзавтосаноат” АЖга 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда “GM Uzbekistan” АЖ расмий дилерларини зарур восита ва ускуналар билан таъминлаш вазифаси юкланмоқда.

Эндиликда:

- бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудларидаги тўхтаб туриш жойлари умумий майдонининг камида 5 фоизи (камида 2 та жой) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриши учун ажратилади.

- тўхтаб туриш жойларидан узоқ ва ноқулай жойда жойлашган объектлари атрофида ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли автотранспорт воситалари учун вақтинчалик тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади;

- тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун ногиронлиги бўлган шахслар ва 16 ёшгача ногирон боласи бўлган ота-оналардан ҳақ олинмайди.

ЎзА
11 430