ЎзА Ўзбек

12.09.2018 19:53 Чоп этиш версияси

Яна юз нафардан ортиқ фуқаро ишли бўлди

Яна юз нафардан ортиқ фуқаро ишли бўлди
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти маҳаллий давлат ҳокимликлари билан яқин ҳамкорликда, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, шу жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар сонини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажми ва қувватларини ошириш ҳамда ҳудудларда яшаётган аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилояти Ургут туманида “Ургут” махсус иқтисодий ҳудудида “Сам драй фруитс” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 275 минг квадрат метр сэндвич панеллар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Қиймати жами 10,4 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳанинг 400 миллион сўми ташаббускор маблағи, 10 миллиард сўми эса хизмат кўрсатувчи тижорат банки кредит маблағи ҳисобига тўғри келди. Натижада 26 янги иш ўрни яратилди.


Пастдарғом туманида “Гамма виндовс систем” масъулияти чекланган жамиятида ПВХ профилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси сабаб 50 нафар маҳаллий ёшлар янги иш ўрнига эга бўлди. Жами 30,2 миллиард сўм бўлган лойиҳа қийматининг 5,8 миллиарди ташаббускорники, 24,4 миллиард сўм эквивалентида хорижий инвестиция маблағидир.

Ургут туманидаги “Гайтурус ҳамкор” масъулияти чекланган жамияти томонидан акфа эшик ва ромлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича жами 160 миллион сўмлик ишлар бажарилди. 5 та янги иш ўрни вужудга келтирилган лойиҳанинг 50 миллион сўми ташаббускор маблағига тўғри келади. 110 миллион сўми эса хизмат кўрсатувчи тижорат банки томонидан ажратилган.

Пахтачи туманидаги “Мадина савдо белгиси” хусусий корхонасида темир бетон маҳсулотлари ва блок ғишт ишлаб чиқариши қуввати ишга туширилди. 4,6 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа туфайли 20 нафар туман аҳолиси муқим иш билан таъминланди.

Пайариқ туманидаги “Пайариқ ниҳоли” масъулияти чекланган жамиятида пишган ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси ташаббускорнинг 
400 миллион сўмлик маблағи эвазига амалга оширилиб, 6 янги иш ўрни очилди.

Нарпай туманидаги “Саид Эшмонов” хусусий корхонаси томонидан қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалиётга татбиқ этилди. Умумий қиймати 140 миллионсўм бўлиб, ташаббускорнинг 40 миллион сўм ўз маблағи ва хизмат кўрсатувчи тижорат банки томонидан ажратилган 100 миллион сўм кредит маблағ ҳисобига еттита янги иш ўрни яратилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 881