Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.09.2017 16:47 Чоп этиш версияси

Кейинги йилларда Андижон вилоятида 23 маданият ва истироҳат боғида қурилиш, капитал реконструкция ишлари амалга оширилди

Андижон вилоятидаги маданият ва истироҳат боғлари, дам олиш марказларида турли қулайликлар яратилгани, хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланганидан аҳоли мамнун.

Кейинги йилларда вилоятда 23 маданият ва истироҳат боғида қурилиш, капитал реконструкция ишлари амалга оширилди. Боғишамолдаги “Боғи Бобур”, Асака туманидаги Т.Эгамбердиев, Шаҳрихон туманидаги А.Беруний номидаги, Марҳамат, Андижон, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Олтинкўл, Избоскан, Хўжаобод туманлари маданият ва истироҳат боғларида олиб борилган ишлар шулар жумласидандир. Замонавий аттракционлар, турли савдо дўконлари ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт майдончалари аҳоли хизматида.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Булоқбоши тумани маданият ва истироҳат боғи фойдаланишга топширилгани туман аҳлини беҳад қувонтирди.

– Бир неча замонавий аттракцион ўрнатилди, мавжуд йўлаклар, фавворалар таъмирланди, – дейди Булоқбоши тумани марказий маданият ва истироҳат боғи директори А.Йўлдошев. – Тунги ёритгичлар алмаштирилиб, ўзига хос манзара яратилди, амфитеатр, музқаймоқ ва салқин ичимликлар дўконлари, мини-футбол майдони, бассейн барпо этилди. Умуман, боғимиз буткул янги қиёфа касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда 83 ана шундай марказ ташкил этилган.

Қўрғонтепа туманидаги Дардоқ қишлоғида 670 миллион сўм давлат бюджети маблағлари ҳисобидан маданият ва аҳоли дам олиш маркази ташкил этилиб, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилди, 250 ўринли томоша зали барпо этилди. Бу ерда фаолият юритаётган рақс, рубоб ва анъанавий ижрочилик тўгараклари ёшларнинг ўқишдан бўш вақтини янада мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
1 516






Все о погоде - Pogoda.uz