ЎзА Ўзбек

13.09.2018 17:58 Чоп этиш версияси

Ядро физикаси соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда

Ядро физикаси соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Мамлакатимизда “Катта адрон коллайдерида физика” ХХ анъанавий анжумани ўз ишини бошлади. Унда АҚШ, Франция, Италия, Германия, Швейцария, Ҳиндистон, Россия, Украина ва Беларусь Республикасидан 60 дан ортиқ олимлар ҳамда юртимиз илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртларининг ядро ва элементар заррачалар физикаси соҳасидаги мутахассислар иштирок этади. Анжуман бир пайтнинг ўзида Тошкент ва Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

Халқаро анжуман элементар заррачалар физикаси ва ядро технологиялари соҳасидаги замонавий тенденциялар ва ютуқлар билан таништириш мақсадида ташкил этилмоқда. Унда иштирокчилар соҳада олиб борилган сўнгги тадқиқотларни муҳокама қилиш, турли мамлакатларнинг етакчи олим ва мутахассислари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, мамлакатимиз олимларини йирик халқаро лойиҳаларга кенг жалб қилиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири анжуман иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашди.

Виктор МАТВЕЕВ, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти директори, академик (Россия):

– Бу йилги анжуман дастури кенг қамровли бўлиб, унда барча иштирокчиларнинг RDMS CMS коллаборацияси соҳасидаги маърузалари тақдим этилади, Катта адрон коллайдерида амалга оширилган тажриба тадқиқотлари натижалари сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинади. Шунингдек, Катта адрон коллайдери детекторини модернизация қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилади, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтига ташриф уюштирилади. Ташриф давомида институтда олиб борилаётган изланишлар ва тараққиёт дастурлари билан танишиш кўзда тутилган.

Анжуман сессияларидан бири Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтади. Бунда олийгоҳ талабалари мазкур анжуман тақдим этадиган халқаро дастурларда қатнашиш имконига эга бўлади. Таъкидлаш жоизки, Катта адрон коллайдерида амалга оширилаётган тадқиқотларда ўзбек олимлари ҳам фаол иштирок этиб, замонавий ядро ва элементар заррачалар физикаси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

2.JPG

Эльвира ИБРАГИМОВА, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг етакчи илмий ходими, физика-математика фанлари доктори (Ўзбекистон):

– Бўлимимизда радиацион материалшунослик соҳасидаги илмий ишлар олиб борилади. Бу ерда барча ўлчанадиган нурланишларни қайд этиб борадиган турли детекторларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланган. Шу боис мутахассисларимиз CMSда ўрнатилган янги авлод детекторларини синовдан ўтказишдан иборат RDMS CMS колораборациясида иштирок этмоқда. Ядро физикаси соҳасидаги барча қурилмаларнинг тўлиқ тўпламига эга бўлган институтимизда юқори ва паст энергияли нейтронлар оқими, гамма-нурланиш, протон тутамлари ва рўйхатга олиш мумкин бўлган бошқа турдаги нурланишлар таъсиридаги янги детекторлар синовдан ўтказилди. Пластик детекторлар нурланишга бевосита яқинликда жойлашиши ва маълумотларни аниқ узатишга қодирлиги аниқланди. Шунингдек, детектор сигналининг кучсизланиш вақтини аниқлашга ҳам эришилди. Тадқиқот натижалари асосида CMSнинг барча мультидетектор тизимларининг иш унумдорлиги прогнози яратилди.

15.JPG

Андреас УЭЙЛЕР, Мюнхен Техника университети профессори (Германия):

– RDMS CMS – Катта адрон коллайдерида амалга оширилаётган энг йирик ва истиқболли лойиҳалардан биридир. Лойиҳа туфайли муҳим илмий натижаларга эришилди, махсус физик ҳодисалар туркумини чуқур ўрганиш ва қатор илмий фаразларни текшириш имкони пайдо бўлди. Коллаборацияга мўлжалланган ушбу лойиҳа турли мамлакатлардаги мутахассислар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам беради. Мазкур лойиҳа доирасида ҳамкасблар билан фикр алмашиш ва келгуси тадқиқотларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистонда йиғилдик. Бу янги ғоя ва лойиҳаларнинг пайдо бўлиши учун билимларимиз ва тажрибамизни умумлаштириш имконини беради. Бу имконият Катта адрон коллайдерини модернизациялаш жараёнида, айниқса, долзарб саналади. Илғор ускуна ва детекорлар кўз илғамас ҳодисаларни аниқлаш, яқин 5-10 йил ичида амалга оширилиши мумкин бўлган илмий кашфиётларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Роман Бондарчук ёзиб олди, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
4 214