ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Яқинлари томонидан алданган 90 ёшли меҳнат фахрийси энди ёлғиз эмас

Яқинлари томонидан алданган 90 ёшли меҳнат фахрийси энди ёлғиз эмас

Россия Федерациясига бориб, бошпанасиз қолган 90 ёшли онахон ҳақида эшитгандирсиз. У нима учун ўзга юртга йўл олди? Нега бу аҳволга тушди? Унинг ҳозирги аҳволи қандай, эртага қандай бўлади? Бугун бу саволларнинг жавоби аниқ.

Гап шундаки, 1930 йилда туғилган Редкина Клавдия Захаровна ўз яқинларининг алдови сабаб Москвага келиб қолган. Фуқаронинг сўзларига кўра, қизи ва набираси унинг Тошкентдаги шахсий квартирасини ўзларининг номига ўзлаштириш мақсадида бу ишни амалга оширган. Улар К.Редкинани Туркияга набирасининг олдига меҳмон сифатида жўнатишга ва қайтганидан сўнг ўз уйларига кўчириб олиб кетишга ваъда берган. Шу келишувга кўра, қизи уни Туркияга юборган. Орадан бир муддат вақт ўтиб, набира бувисини Москвага кузатади. Бу ерда уни қизи кутиб олишини айтади. Аммо аэропортда онахонни ҳеч ким кутиб олмаган. Масъуллар уни олиб кетмагунча, икки кун аэропортда қолиб кетган.

Россия Федерацияси давлат органи ходимлари К.Редкинани Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига келтирган. Россия Федерациясида яшайдиган ватандошларимизнинг ёрдами билан Москва–Тошкент йўналишига авиачипта олинган. Мазкур саъй-ҳаракатлар орқали Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси кўмагида К.Редкина жорий йилнинг 2 ноябрь куни Тошкентга қайтиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат фахрийси К.Редкинанинг аҳволини назоратга олди. Вазирлик ходимлари у билан учрашиб, шароитлари билан танишди.

Онахон ҳозирча қўшнисининг уйида истиқомат қиляпти. Вазирлик рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнлар якунланиши билан унга Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан тиббий билимга эга бўлган ижтимоий ходимни доимий (24 соат) бириктиришни кўзда тутган. Муҳими, у бундан буён ёлғиз эмас.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирлиги Матбуот хизмати.

1 597
ЎзА