ЎзА Ўзбек

01.07.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Йўқотилаётган ёшлар

Йўқотилаётган ёшлар
Табиат инжиқликлари, экологик ҳалокатлар, техноген фожеалар, урушлар, қуролли тўқнашувлар, ядро хавфи, сиёсий қарама-қаршиликлар, гиёҳвандлик, ОИТС балоси. Булар 21-аср кўзгусидаги балолардир. Инсониятнинг яна бир фожеаси – ёшлар орасидаги муаммолар ҳам долзарб масала экани айтилади. 

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда сайёрамизда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар сони бир миллиарддан ошиб кетган. Улар ер юзи аҳолисининг 20 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Ёшларнинг 85 фоизи ривожланган мамлакатларда истиқомат қилади. Айни дамда ёшларнинг 10 миллионга яқини ОИТСга чалинган. Инсониятнинг бутун тарихи давомида ҳозирги авлод ўқимишли экани тан олинса-да, 113 миллион нафар бола мактабга бормайди. Замонавий дунёда 130-миллион ўсмирнинг саводсиз экани тан олинади. 

Европа Иттифоқи мамлакатларида қариялар сони ортиб бораётганига қарамай, “кўҳна қитьа” ҳамон “ёшлар қитьаси” сифатида тан олинади. Сўнгги вақтларда таълим олишдан бебаҳра, иш топа олмаётган ёшлар ҳақида кўп гапирилмоқда. Германия канцлери Ангела Меркел 2013 йилда “The Guardian” нашрига берган интервьюсида ёшлар ўртасидаги ишсизликни “Европадаги энг долзарб муаммо” сифатида таърифлаган эди. У Европа мамлакатларининг хукуматлари “Йўқотилган авлод” пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Германия тажрибасидан фойдаланиши лозимлигини таъкидлади. Германия тажрибаси шундан иборатки, бу мамлакатда талаблар бир вақтининг ўзида таълим олади ва иш билан машғул бўлади. Йўқотилган авлод (французча Génération perdue, инглизча Lost Generation) – Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари оралиғида пайдо бўлган ибора бўлиб, бир қатор ёзувчиларнинг ижодида ўз аксини топган. Йўқотилган авлод деганда 18 ёшида урушга кетиб, одамларни ўлдиришга жалб қилинганлар тушунилган. Урушдан кейин улар одатий ҳаётга мослашишлари қийин кечди. Уларнинг кўпчилиги ўз жонига қасд қилган бўлса, бошқалари ақлдан озган эди. Ибора муаллифи Гертруде Стайн экани айтилади. 1930-31 йилларда Эрих Мария Ремарк “Қайтиш” (“Der Weg zurück”) деб номланган роман ёзди. Унда Биринчи жағон урушидан қайтган аскарнинг ҳаёти қаламга олинган. “Уч ўртоқ” романида эса йўқотилган авлод тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, биринчи жаҳон уруши тугаганига бир аср бўлди. Аммо бугунги ёшларни ҳам ўша давр аскарларининг ҳаётига қиёслаётганлар ҳам бор. 21 асрнинг йўқотилган авлодларининг пайдо бўлишига ишсизлик сабаб бўлаётгани тан олинади. 

Маълум бўлишича, Европада 25 ёшгача бўлган 5 миллиондан ортиқ ишсиз бор экан. Ёшларнинг иш билан таъминланмагани Европа келажагини хавф остида қолдириши тан олинади. Ривожланаётган мамлакатларда ёшлар норасмий ишлайди. Ёшлар оз иш ҳақига бўлса-да ишлашга рози бўлади. Камбоджа ва Перу яширин иқтисодиётида ёшларнинг 80 фоизи банд. Иқтисодчиларнинг фикрича, ёшлар қанчалик кўп ноқонуний меҳнат билан банд бўлар экан, мамлакат иқтисоди қийин аҳволда қолаверади. Жаҳондаги ишсизлик муаммоси хавфли ҳолат экани тан олинади. Бу нафақат иқтисод учун, балки ижтимоий ҳаётда ҳам фожеаларга сабаб бўлади. 

АҚШдаги ёшлар орасида эса гиёҳвандлар, жиноятчилар, ишсизлар, ирқчилар сони ортиб бораётганидан хавотирлар пайдо бўлди. Center for American Progress тадқиқот ташкилоти хулосаларига кўра, айни дамда 10 миллиондан ортиқ ёш америкалик иш топишга қийналмоқда экан. 

Ёшлар орасидаги глобал ишсизлик 13,1 фоизни ташкил қилади. Бу катталар ўртасидаги кўрсаткичдан уч баробар кўп эканини кўрсатиб турибди. Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, шунингдек, Лотин Америкаси, Кариб хавфзаси ва Жанубий Европада бу борадаги кўрсаткич анча юқори экани айтилади. Кузатувчиларнинг фикрича, иқтисоди ривожланган мамлакатларда истиқомат қилаётган ёшлар 2008 йилда кузатилган глобал инқирознинг асосий жабрдийдасига айланишди. Вазиятни таҳлил қилган Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилоти бу ҳолатни ёшлар ўртасидаги инқироз деб атади. 

Инқирознинг яна бир сабаби ривожланган давлатларда иш берувчилар ёши катталарни эмас балки ёшларни ишдан бўшатишни афзал кўришади. 

Иқтисоди тараққий этган мамлакатларда ҳам ёшлар иш билан таъминланмаётган экан, ривожланиш йўлига ўтган мамлакатларда ёшларни иш билан таъминлаш бош оғриғи саналади. “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” дейишади-ку! Бу мамлакатларда мактаб ва коллежларни битириб меҳнат бозорида пайдо бўлган ёшларни иш билан таъминлашга улгуриб бўлмаяпти. Ёшлар ўртасида ишсизлар сони бўйича Африка қитьаси етакчилик қилади. Либерия, Малави ва Того 25 ёшгача бўлган ёшларнинг 70 фоизидан кўпроғи ишсизликни ўзига касб қилиб олган. Бу каби муаммони иқтисоди тараққий этган Хитой ва Ҳиндистон ҳам бартараф эта олмаяпти. Тўғри, бу икки мамлакатдаги вазиятни Африка ва Лотин Америкаси билан таққослаб бўлмайди. 

Иқтисодчиларнинг фикрича, ҳозирги ёш авлод келажакда ота-оналаридан кўра ёмонроқ яшашлари мумкин. Уларнинг келажаги порлоқ эмаслигидан огоҳлантирилмоқда. The Guardian газетаси ўтказган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, ёшлар иш берувчилар томонидан доимий равишда рад жавобларини эшиттишдан норози эканликларини айтишган. 

Ёшлар ўртасида яна бир иллат пайдо бўлган. 21-аср илм-фан ва техника, тараққиёт асри. Замонавий дунёни компьютер, мобил телефони, нанотехнологиялар маҳсулотларисиз тассаввур қилиб бўлмайди. Айни шу сабаб ҳам ёшларнинг дунёқараши тубдан ўзгариб кетди. Бугунги ёшлар мансаб пиллапояларидан кўтарилишни эмас, балки ўз вақтини бекорга сарфлаётгандек бўлмоқда. Улар кунларини Интернетнинг ижтимоий тармоқларида, виртиуал оламда ўтказишни афзал кўришмоқда. Интернетга мубтало бўлиш 21 асрнинг бедаво касалигидир. Реал ҳаётдан виртуал маконга ўтаётганлар кўпайиб бораётгани ташвишлидир. Эртадан кечгача, тундан тонгача компьютер монитори олдидан узоқлаша олмаётганларни ким деб аташ керак? Улар ҳар бир сония бекорга сарфланаётганини билишармикан? Ёшларнинг ўқишни ташлаб, ўз билганларидан қолмаётгани ҳам ташвишланарлидир. Оиласини ташлаб, спиртли маҳсулотлар ва гиёҳвандликка мубтало бўлаётганларнинг келажагини порлоқ деб бўлмайди. Кузатувчиларнинг фикрича, 21 асрда ёшлар орасида маънавият ортга кетмоқда.

Жаҳондаги ёшлар ўртасидаги ўлимлар таҳлил қилинар экан, ўлимларнинг учдан бир қисми ўз жонига қасд қилувчилар ҳиссасига тўғри келиши маълум бўлди. Бу ҳақда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди. Ривожланган мамлакатларда истиқомат қилувчи ёшларнинг руҳий ҳолати деярли бир хил экани айтилади. Руҳшуносларнинг айтишича, оилада ота-оналарининг жанжали болаларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатар экан. Айни шу ҳолат уларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлади. Олимлар оилада жанжаллар камайган тақдирдагина, ёшларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин қисқаришини айтишади. 

Сўнгги вақтларда ўқишни, ишлашни хоҳламайдиган ёшлар кўпайиб бораётгани ҳақида мақолалар пайдо бўлмоқда. Бу ёшлар ишсизлар, жиноятчилар ва гиёҳвандлар сафини тўлдираётгани аянчлидир, албатта. Бугунги кунда жаҳон ёшлари нима қилишларини билмасликлари аниқ бўлди. Уларнинг кўпчилиги мактабни битиришлари биланоқ “бурчак”ка бориб тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилишга берилиб кетмоқда. Бошқалари эса эрталабдан кечгача кўчаларда санқиб юришади. Жуда камдан- камларигина фойдали ишлар билан шуғулланади. Ўзлари билиб-билмай террорчилар, экстремистлар сафига қўшилаётган ёшларни тўхтатиб қолиш кескин чора-тадбирлар кўриш керак. 

Шу ўринда эрта турмуш қуриш ҳам глобал муаммолардан бири сифатида кўрилмоқда. Ғарб мамлакатларида эрта никоҳдан ўтиш абортларнинг кўпайишига, бу ўз навбатида аёлларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ёшларни иш билан таъминлаш глобал муаммадир. Шу сабабли ҳам бу муаммони ҳал қилиш борасида ҳамма оёққа туриши керак. Manpower рекрутинг компанияси раҳбари Жеффри Джоррес таъкидлаганидек, ҳукуматлар ишсизлик билан боғлиқ муаммога қарши курашда таслим бўлишига ҳаққи йўқ. Акс ҳолда ёшларнинг ишсизлиги кейинги ўн йилликлар учун ҳақиқий эпидемияга айланади. 

Ёшлар бизнинг келажагимиз. Агар мамлакатда ёшлар билан боғлиқ муаммолар бор экан, бу мамлакатнинг келажаги йўқ. Кечаги ва бугунги кун билан эмас, балки эртанги кун учун ҳам яшаш керак. Бунинг учун келажак авлод борасида қайғуриш керак. Уларга барча имкониятларни яратиб бериш зарур.


Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
9 972