Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2018 14:06 Чоп этиш версияси

Йўқловдан Сорахон аянинг боши осмонга етди

Йўқловдан Сорахон аянинг боши осмонга етди
Қўқон шаҳрида маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашувчи Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади. 

Мамлакатимизда инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, оғирини енгил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунларда шаҳардаги 65 маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳар бир хонадонга кирилиб, аҳолининг муаммо ва таклифлари бирма-бир эшитилмоқда, камчиликлар аниқланиб жойида ҳал этилмоқда.

Бугунги кунда Қўқон шаҳрида 243 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, тўрт сектор раҳбарлари томонидан “йўл харитаси” асосида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлсада, шаҳарда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам анчагина экан.

Президент Девони, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита, ва Савдо-саноат палатаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи биринчи куни 12 маҳаллани қамраб олди. Ҳар бир ишчи гуруҳида алоҳида штаблар тузилган. Ишчи гуруҳлари раҳбарлари аниқланган муаммонинг моҳиятидан келиб чиқиб, вилоят ва шаҳардаги мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимларини жалб этмоқда. Маълумотлар Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳар куни тезкор равишда умумлаштириб борилмоқда. 

Хонадонларимиз файзу баракаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимиз ҳар тонгни қаршилар экан, юртимизга тинчлик-осойишталик, дастурхонимизга тўкинлик тилаб дуо қилади. Бу шукроналикда ҳикмат кўп. 

DSC_8558.JPG

Кексаларимизни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг азалий удумларидан. Улар ҳаётимизнинг мазмуни, панду насиҳатлари, эзгу дуолари ишларимиз барокатини бериб, йўлларимизни нурафшон қилади. Айниқса, юз билан юзлашган кексалар суҳбатида бўлиш, дуосини олиш бизга ҳаёт фалсафасини англатиб туради. “Артизан бўйи” маҳалла фуқаролар йиғини Тошкент кўчаси 24-уйда яшовчи Сорахон ая Болтабоева пири бадавлат онахонлардан. У 97 баҳорни қарши олмоқда. Момонинг 8 нафар фарзанди, 26 нафар невараси ва 39 нафар эвараси бор. 

Болаларининг ҳаммасини уйли жойли қилди, ўқитиб-узатди. Ҳанузгача касаллик нималигини билмаган онахон тетик ва бардам. Хонадонда ўғли, келини ва невараси билан умргузаронлик қилмоқда. 

Ишчи гуруҳи аъзолари Сорахон ая хонадонида ҳам бўлди. У киши билан бўлган самимий суҳбат ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаса керак.

– Шукр, чироқ бу йил ўчмади. Аммо газ жижча бўлмади. Қишда сал совуқ қотдим. Бошқа фарзандимнинг уйига бориб ётдим. Ишчи гуруҳи келиб муаммоларимизни сўради, - дейди нуроний онахон дуога қўл очиб. - Биздан кўнгил сўраганлардан розимиз. Яйраб ўтирибмиз. Маҳалла тинч. Дўхтирлар келиб текшириб туришибди. Раҳмат, ишларингиз олдинга босавурсин. 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
4 192