ЎзА Ўзбек

02.04.2018 21:10 Чоп этиш версияси

Йўловчилар учун яна бир қулайлик

Йўловчилар учун яна бир қулайлик Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутувчи темир йўл тизимида амалга оширилаётган янги лойиҳалар юксак самаралар бермоқда. Зеро, замонавий дунёда темир йўл транспорти давлат иқтисодиётининг асосий қон томири ҳисобланади.

Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўл ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда.

4 (1).JPG

Ўтган йиллар давомида минглаб километр янги темир йўл линиялари барпо этилди. Тошкент – Самарқанд – Бухоро, Тошкент – Қарши йўналишларида “Afrosiyob”, «Registon», «Sharq» ва «Nasaf» тезюрар поездлари қатнови йўлга қўйилди. Тошкент марказий темир йўл вокзали ва бошқа шаҳарларимиздаги вокзаллар қайта реконструкция қилинди, таъмирланди, янгилари барпо этилди. Халқаро ва маҳаллий йўналишларда қатновчи поездларда кўрсатилаётган хизматлар сифати замон талаблари даражасига кўтарилди.

8.JPG

Куни кеча мамлакатимиз темир йўл тизимида яна бир муҳим янгилик содир бўлди. Тошкент Жанубий вокзали тубдан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Маълумки, Тошкент Жанубий вокзали биноси 1963 йилда қурилган бўлиб, 1985 йилда реконструкция қилинган. Ўтган вақт мобайнида вокзал фаолиятида узилишлар билан ишлаб турди.

34.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Жанубий вокзал замонавий архитектура талаблари асосида тубдан реконструкция қилинди.

15.JPG

Буюртмачи "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ, бош пудратчи «Qurilish Universal Kompakt Servis», бош лойиҳачи "Боштранслойиҳа" АЖ томонидан бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари халқимиз ўз кучи, салоҳиятига таяниб, қандай буюк ва бетакрор иншоотлар барпо эта олишининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.

20.JPG

Вокзалнинг умумий майдони 9,2 гектар, 650 метрлик 3 та перрон мавжуд. Вокзал ҳудудида диаметри 14 метрлик иккита замонавий фаввора қурилган. Бу ёз кунлари ҳудуддаги иқлим мусаффолигини таъминлаб, йўловчиларга кўтаринки кайфият бағишлайди.

Вокзал бир вақтнинг ўзида 500 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, бир кеча-кундузда 20 000 нафар йўловчи кутиб олинади ва кузатилади.

23.JPG

– Тошкент Жанубий вокзали ўз ишини жорий йилнинг 4 апрелидан бошлайди, – дейди вокзал бошлиғи Шуҳрат Фозилов. – Бу ердан Тошкент – Урганч, Тошкент – Бухоро, Тошкент – Андижон, Тошкент – Қўнғирот, Тошкент – Термиз, Тошкент – Сариосиё, Андижон – Бухоро, Андижон – Урганч, Андижон – Термиз, Тошкент – Бухоро (Sharq), Тошкент – Термиз (Nasaf), Тошкент – Андижон (O`zbekiston) йўналишлари бўйича поездлар жўнатилади ва кутиб олинади. Бундан ташқари, Тошкент – Хўжакент, Тошкент – Ховос, Тошкент – Бекобод, Тошкент – Сирдарё, Тошкент – Гулистон каби шаҳарлараро қатновчи йўловчи поездлар ҳам шу ердан ҳаракатланади.

Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вокзал ҳудуди замонавий девор билан ўралган. Вокзал биноси, касса зали ва вокзал ҳудуди 170 та кузатув камераси билан таъминланган.

25.JPG

Вокзал биносида йўловчилар учун жаҳон стандартларига мос шароит яратилган. Бинода кутиш, VIP заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, меҳмонхона, дам олиш хоналари, буфет, кўчма савдо нуқталари, газета ва журналлар, WiFi интернет хизмати, электрон кутубхона, планшет хизмати, ширинликлар ва миллий совғалар сотиш шохобчаси, мобиль қурилмалар учун қувватлантириш манбаи, электрон маълумотлар маркази ва таблоси, сайёҳлар зали ва замонавий лифт мавжуд.

Кутиш зали кўргазма ва телевизион ахборот воситалари билан жиҳозланган. Йўловчиларга бир суткада 100 нафарга яқин ишчи-хизматчи хизмат кўрсатади.

Кутиш залида ҳаво ҳарорати меъёрини таъминловчи совутгичлар ўрнатилган. Чиптахоналар вокзал ҳудудида жойлашган бўлиб, бир кеча-кундузда 5000 та чипта сотилади, жумладан, электрон чипталар рўйхатдан ўтказилади.

28.JPG

– Одатда вокзал ва аэропортлар мамлакат дарвозаси, остонаси ҳисобланади, – дейди тошкентлик Ёқутхон Қаюмхўжаева. – Бу каби масканларнинг обод қилиниши барчага хуш кайфият бағишлайди. Мазкур вокзалдан неча йиллардан бери тўлиқ фойдаланилмас эди. Олиб борилган бунёдкорлик ишларини кўриб, одамнинг дили яйрайди. Вокзал олдида ўриндиқлар, фавворалар ўрнатилган.

Дарҳақиқиат, бу ерда ким билан суҳбатлашмайлик, барча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз темир йўл транспортини ривожлантириш, халқимизга транспорт хизмати кўрсатиш сифатини юксалтириш ва уни энг ривожланган мамлакатлар даражасига олиб чиқиш йўлида амалга оширилаётган ишлар юртимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор самараси эканини алоҳида таъкидлади.

Абу Бакир Ўрозов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
16 285