Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 11:40 Чоп этиш версияси

Йўл-транспорт ҳодисалари 5,1 фоизга камайган

Йўл-транспорт ҳодисалари 5,1 фоизга камайган Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Ушбу қарор соҳа ходимлари зиммасига янада масъулиятли вазифаларни юклади, – дейди Сирдарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Фарҳод Шойзоқов. – Жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлигининг республика, ўрта ва қуйи бўлинмалари фаолиятини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби ўрнатилди. Бунда раҳбар ва ходимларнинг ўз вазифасини бажаришида шахсий жавобгарлиги янада кучайтирилди. Бинобарин, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши ва тирбандликнинг ҳосил бўлишига замин яратувчи сабаб ҳамда шарт-шароитларни тизимли равишда комплекс таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш асосида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши профилактикаси тизимини такомиллаштириш зарурлиги ҳужжатда ўз аксини топди.

Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини юксалтириш мақсадида тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, хизмат вақтида муомала маданияти ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таҳлилларга кўра, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга молик М-34, М-39, А-373 ва А-376 йўлларидан бир кеча-кундузда 35 мингдан 39 мингтагача транспорт воситаси ҳаракатланади. Бу йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Вилоят ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва турли қоидабузарликларни аниқлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят миқёсида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 50 фоиздан ортиғи пиёдалар билан боғлиқ ҳолатлардир. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги”, “Диққат: пиёда” каби махсус тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоятдаги таълим муассасалари, корхона-ташкилотлар, автохўжалик ва маҳаллаларда ташкил этилган учрашувларда йўл ҳаракати қоидалари, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кенг тушунча берилаётир.

Ҳафтанинг ҳар шанбаси “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш куни” деб эълон қилиниб, йўл-транспорт ҳодисалари кескин ошиб бораётган ҳудудларда, аҳоли гавжум жойларда, бозорлар атрофида қўшма рейдлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси алоҳида йўл-патруль хизмати сафарбар гуруҳлари, шаҳар ва туман ИИБ ЙҲХ бўлинма ва гуруҳлари ходимлари томонидан 74 минг 965 йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган.

Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қатьий риоя қилиши, айниқса, узоқ масофага қатновчи, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автомобиллар ҳаракатини назорат қилиш бўйича кучайтирилган тартибда рейдлар ташкил этилмоқда. Ҳайдовчиларга ҳушёрликни ошириш, чарчоқ сезилганда автомобилни бошқармаслик бўйича тегишли тавсиялар берилаётир. Вилоят ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча 134 турли йўл белгиси ўрнатилиб, 243 йўл белгиси янгисига алмаштирилган.

Мухтасар айтганда, соҳа ходимлари томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,1 фоизга камайган.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
2 563






Все о погоде - Pogoda.uz