Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 14:44 Чоп этиш версияси

Вояга етмаганлар доимий эътиборда

...Чилонзорлик Муҳримбек интизомли ўқувчилар сафида эди. Отаси чет элга ишга кетгач, онаси тижорат билан шуғуллана бошлади. Назоратсиз қолган ўсмирнинг дастлаб ўқиши сусайди, аста-секин у дарс қолдиришни ҳам одат қилди. Тарбиясида нуқсони бор болаларга қўшилиб, майда безориликларга қўл урди. Бу эса маҳалла профилактика инспекторининг эътиборини тортди. Мактаб, маҳалла, профилактика инспекторининг ҳамкорлиги туфайли Муҳримбек яна мактабга қайтди.

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунида вояга етмаганларнинг тунги вақтда она-онасининг кузатувисиз кўнгил очиш масканларида бўлиши ман этилган. Уларнинг турли ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига йўл қўйилмайди.

Вояга етмаганларнинг жиноят қилиши, ҳуқуқбузарликлар содир этиши бир оила учунгина эмас, айни пайтда жамият учун ҳам зарар. Ўсмирнинг жамият ахлоқий мезонлари талабларига жавоб берадиган даражада тарбия олмаганлиги унинг жиноий хатти-ҳаракатлар содир этишига олиб келади.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда туман халқ таълими, ички ишлар бошқармаси, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда таълим муассасаларида олиб борилаётган учрашувлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Туманда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни фойдали ишларга йўналтириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жорий йилнинг шу даврига қадар 160 дан ортиқ тадбир ташкил этилди. Бундай тадбирлар жараёнида тарбиясида нуқсони бор ўқувчиларнинг аксарияти мактабга қайтди, бир ўсмир вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. 52 ота-онага нисбатан вояга етмаганларга таълим-тарбия бериш мажбуриятларини бажармаганлиги учун тушунтириш ишлари олиб борилиб, профилактика инспекторлари томонидан огоҳлантиришлар берилди.

– Фарзанд тарбиясини эътиборсиз қолдириш салбий оқибатларга олиб келади, – дейди Чилонзор тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Фурқат Суяров. – Бугунги кунда кўпчилик ота-оналар турмуш ташвишлари билан чалғиб, бола тарбиясини иккинчи даражага тушириб қўймоқда. Натижада ҳаётнинг паст-у баландига тушунмайдиган ўсмир тўғри йўлдан адашиб қолмоқда.

Ўтган давр мобайнида туманда мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан келиб, ота-оналарининг қаровисиз юрган ва турли ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаганларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича профилактик тадбирлар ўтказилди. Бу жараёнда 538 тарбиясида нуқсони бор ўқувчи билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, умумтаълим мактабларига қайтарилди. Ҳуқуқбузарлик ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган ўсмирларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

– Тарбия тўғри олиб борилмаган оилада бола бемеҳр ва хулқи ёмон бўлиб улғаяди, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Чилонзор тумани бўлинмаси раиси Ҳамза Нормуродов. – Унда ҳалол меҳнатга, касбу кор эгаллашга ёки билим олишга бўлган лаёқат аста-секин йўқола боради. Охир-оқибатда бу уни жиноят кўчасига бошлайди.

Туманда ижтимоий-маънавий муҳити нотинч оилалардаги фарзандлар тарбияси ва манфаатларини муҳофазалашга, оиладаги вазиятни барқарорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг мактабдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни кенг жорий этишда «Умид ниҳоллари», «Соғломжон полвонжон», «Футболимиз келажаги», «Соғлом фарзанд юрт келажаги» каби спорт мусобақалари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳар филиали Чилонзор тумани вакили А.Абдураимовнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда 17 мингга яқин ўғил-қиз спортнинг 47 тури билан доимий равишда шуғулланмоқда. Йилнинг январь-август ойлари давомида туман миқёсида 50 дан ортиқ мусобақа ўтказилиб, уларда 15 мингдан ортиқ ёш иштирок этган.

Туманда вояга етмаган ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида мактаб, мактабдан ташқари таълим муассасаларида дурадгорлик, кулолчилик, тикувчилик, тўқувчилик, рассомчилик каби йўналишлар бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Ёшлар моҳир ҳунармандлардан касб сирларини мунтазам равишда ўрганмоқда.

Юртимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб камол топишига доимий эътибор қаратилмоқда. Шундай экан, катта ҳаётга эндигина кириб келаётган вояга етмаган ўғил-қизларни ҳар доим назорат қилиб туриш энг асосий вазифамиздир.

Даврон Суннатов, ЎзА
1 852






Все о погоде - Pogoda.uz