Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 16:46 Чоп этиш версияси

“Водил” чегара постида қўшни давлатга бориб-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликлар олиб ташланди

“Водил” чегара постида қўшни давлатга бориб-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликлар олиб ташланди Дўстлик ва қардошлик туйғулари дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Фарғона вилояти Фарғона туманидаги “Водил” чегара постида Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти вакилларининг учрашувида бу яққол ўз ифодасини топди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки қардош халқнинг дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда янада кенг имкониятлар яратди. Барча соҳаларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Хусусан, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш борасидаги ишлар халқимизни беҳад қувонтирмоқда.

Қирғизистон билан 447,4 километрлик чегара ҳудудига эга Фарғона вилояти учун чегара муносабатлари ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга. Сўх ҳамда Фарғона туманларининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари аҳолиси учун қўшни давлатга борди-келди қилиш бирмунча оғриқли масалага айланиб қолган эди. Президентимизнинг ушбу ташрифи чоғида азалдан ёнма-ён яшаб, бир ариқдан сув ичган, қуда-анда бўлиб кетган, қадрият ва анъаналари, ҳатто орзу-мақсадлари муштарак икки халқнинг аҳиллигига соя ташлаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга эришилгани ўзбек-қирғиз халқлари дўстлиги, жипслиги ва ҳамжиҳатлиги йўлидаги муҳим тарихий воқеа бўлди.

Икки қардош халқ вакилларининг мазкур учрашуви ҳам катта шодиёнага айланиб кетди. Унда Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирок этди.

“Водил” чегара постида қўшни давлатга бориб-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликлар олиб ташланди

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев, Боткен вилояти губернатори А.Холмурзаев ва бошқалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кенгайиб бораётгани, хусусан, чегара ҳудудларида кўплаб муаммолар амалий ҳал этилаётганини таъкидлади.

“Водил” чегара постида қўшни давлатга бориб-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликлар олиб ташланди. Бу асрлар давомида аҳил яшаб келаётган, тили ва дини бир икки халқ вакилларини беҳад қувонтирди.

– Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғида туғилганман, жигарларим, қариндошларим ўша ёқда, – дейди Тошлоқ туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Насиба Жўраева. – Қишлоғимга бориш, яқинларим билан учрашишда турли қийинчиликлар мавжуд эди. Тўй-маъракаларида ҳам ёнларида бўлолмадим. “Водил” чегара пунктининг очилиши, ортиқча расмиятчиликларнинг бекор қилинганидан жуда хурсандмиз. Халқимизнинг дардини тинглаётган, оғирини енгил қилаётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

– Халқларимиз азалдан бир ариқдан сув ичиб, қуда-анда бўлиб, аҳил яшаган, – дейди Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳокими ўринбосари Тўхтахон Илясова. – Бугун уларнинг шодликларини кўриб, чегара очилгани ростдан ҳам улкан воқеа бўлганини ҳис этдим. Мана бундай учрашувлар, борди-келдилар йўлга қўйилгани дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Қишлоғимиз ўзининг сўлим табиати, тоза ҳавоси ва зиёратгоҳлари билан ном қозонган, – дейди “Шоҳимардон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустамжон Тожибоев. – Бу ерда туризмни ривожлантириш учун ҳам катта имконият мавжуд. Лекин чегарадаги муаммолар сабаб қишлоғимизга келувчилар йўқ ҳисоби эди. Мана энди тўсиқлар олиб ташланди. Туризмни ривожлантириш имконияти кенгайди.

Учрашувда бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 655






Все о погоде - Pogoda.uz