Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 14:27 Чоп этиш версияси

Вилоят прокурорига Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи туманлари бириктирилди

Президентимизнинг жорий йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти жойлардаги долзарб муаммо ва масалаларни ўрганиш, ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг янги тизимига мувофиқ, Сурхондарё вилоятидаги туман ва шаҳарларни тўрт секторга бўлишда уларнинг ихтисослашуви атрофлича ўрганилиб, ҳудудларга ҳоким, прокурор, ички ишлар ва давлат солиқ идоралари раҳбарлари бириктирилди. Вилоят ҳокимига Ангор, Қизириқ, Шеробод, Сариосиё туманлари, вилоят прокурорига Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи туманлари бириктирилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Музработ, Термиз, Олтинсой, Узун, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Денов, Бойсун туманлари ва Термиз шаҳрига масъул этиб белгиланди.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш Низоми ҳамда “Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили бўйича Термиз шаҳри ва туманлардаги маҳаллалар ҳудуди ҳам ҳоким ва мазкур органларнинг жойлардаги раҳбарлари бошчилик қиладиган секторларга берилиб, бевосита аҳоли билан ишлаш вазифаси юкланди. Эндиликда улар ўз секторидаги обод ва шароити яхши жойларда эмас, балки энг оғир ва муаммоси кўп ҳудудда, маҳаллада яшаб, одамлар билан очиқ мулоқот қилмоқда, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиб, жойида ҳал этиш чораларини кўраётир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда турли соҳалардаги муаммоларни жойида ҳал этишга, ҳар чоракда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Секторлар вазифаларининг асосий йўналишлари тартибга солинган низомда янги тизим бўйича ишлашнинг самарали шакл ва услуби, сектор раҳбарларининг ваколати, жавобгарлик чоралари, ҳисобдорлиги ва уларнинг фаолиятини баҳолаш тартиби белгиланган. Давлат идоралари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Ҳисобот ҳужжати сифатида марказлаштирилган тартибда тарқатиладиган сектор раҳбарларининг уйма-уй юриш дафтарини юритиш эътиборга олинган. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида ҳар чоракда секторлар раҳбарларининг ҳисоботи ҳудудларга бириктирилган масъул мансабдор шахслар, депутатлар иштирокида эшитилиши белгилаб қўйилган. Ҳисоботлар чуқур таҳлил қилиниб, ҳудудни ривожлантиришга ғов бўлаётган камчиликлар аниқланади. Шунга мувофиқ, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгиланади, ҳудудий, давлат ва инвестиция дастурларига киритиш учун таклифлар тайёрланиб, туман ва маҳалла иқтисодиётини янада юксалтириш чоралари кўрилади.

Сариосиё туманидаги секторлар фаолиятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, фермерлик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик каби тармоқларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, томорқадан унумли фойдаланиш устувор аҳамият касб этмоқда. Аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини муносиб рағбатлантириш доимий эътиборда. Электр энергияси, тоза ичимлик суви, газ таъминоти билан боғлиқ масалалар ўз ечимини топмоқда. Одамлар дуч келаётган муаммоларнинг асосий қисми туман ва вилоят даражасида ҳал этилаётир. Масалан, 7 сентябрь куни вилоят ҳокими томонидан туманда ёшлар ҳаёти билан боғлиқ қатор масалалар ўрганилиб, масъуллар иштирокида жойида ҳал этилди.

– Электр тармоғи бўйича мутахассисман, – дейди Сўфиён маҳалласида яшовчи Ш.Холбобоев. – Вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида қишлоғимизга яқин жойдан мутахассислигим бўйича иш топилмаётганини айтдим. Шу ернинг ўзида ҳудуд сектор раҳбари кўмагида уйимиздан узоқ бўлмаган таълим муассасасига ишга жойлашишга муваффақ бўлдим. Маҳалламизда ўзим қизиққан соҳа бўйича меҳнат қилиш учун етарли шароит яратиб берилганидан жуда хурсандман.

Халқ дарду ташвиши билан яшаш раҳбарларнинг асосий вазифасига айланаётгани барчани қувонтирмоқда. Негаки, фуқаролар ўз ҳудуди, ўз уйига келган раҳбарлар билан эркин мулоқот қилиш, ютуқ ва ташвишларини, муаммо ва таклифларини бемалол айтиш имкониятига эга бўлмоқда.

– Маҳалламиз туман марказидан олисда, қўшни давлат билан чегарадош ҳудудда жойлашган, – дейди Сариосиё тумани "Ҳамкорлик" маҳалласида яшовчи Интизор Хуррамова. – Уйимизга келган сектор вакилларига аҳоли, айниқса, хотин-қизларни малакали тиббиёт ходимлари чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказишини сўраб мурожаат қилдим. Бу масала вилоят марказидан келадиган тажрибали шифокорлар кўмагида ҳал этиладиган бўлди.

Халқ билан мулоқот қилишнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали шакли жорий этилгани ҳудуддаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида ишлаб чиқилаётган “йўл харитаси”ни танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик тамойили асосида рўёбга чиқаришга қулай шароит яратмоқда.

Шеробод тумани ҳокими А.Эшмуродовнинг таъкидлашича, тумандаги тўртта сектор аҳоли билан юзма-юз мулоқот орқали улар дуч келаётган муаммоларни аниқлаб, ўз вақтида, жойида бартараф этишга ҳаракат қилаётир. Айримларини сектор, туман ёки ҳудуд доирасида “йўл харитаси”га киритиш чоралари кўрилаётир.

– Тўртинчи секторга бириктирилган 8 маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юриш маҳаллада одамларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаб, жойида ҳал этишда ўз самарасини бермоқда, – дейди Шеробод тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари А.Каримов. – Туман ва вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан таклифлар тайёрланаётир. Бу ҳудуддаги кўплаб ижтимоий-маиший, меҳнат, тадбиркорликка оид масалалар бўйича юзага келган муаммоларни бевосита маҳалланинг ўзида ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Бойсун тумани ички ишлар бўлими бошлиғига тоғли ҳудуддаги Мачай, Темир дарвоза, Сангчил, Қизилнав сингари 11 маҳалла бириктирилган.

– Ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасини комплекс ривожлантиришда секторлар муҳим ўрин тутмоқда, – дейди Бойсун тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Ш.Сатторов. – Одамлар билан юзма-юз мулоқот орқали кўплаб масалаларни жойида ҳал этишга эришилмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилиб, аҳоли, жумладан, хотин-қизлар, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида олиб борилаётган тарғибот-профилактика ишлари самарадорлигига эътибор қаратилаётир. Бунинг натижасида жойларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда. Энг муҳими, фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаёти таъминланиб, турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Мухтасар айтганда, янги механизм тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшларни қийнаётган долзарб муаммоларни, шунингдек, ҳудуднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган камчиликларни аниқлаш ва жойида ҳал этиш, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 147






Все о погоде - Pogoda.uz