ЎзА Ўзбек

31.10.2019 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокимига тушган барча мурожаатлар жойида ҳал этилди

Вилоят ҳокимига тушган барча мурожаатлар жойида ҳал этилди

Бағдод туманининг “Ойдинбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев оммавий сайёр қабул ўтказди. Унда Қўқон шаҳри ва Бағдод, Бувайда, Риштон, Учкўприк туманларидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Марказий Фарғона чўли таркибига кирувчи “Ойдинбулоқ”да ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқотда ҳам вилоят ҳокимига 42 та мурожаат келиб тушди ва уларнинг аксарияти шу куннинг ўзидаёқ ҳал этилди. Қўшимча муддат талаб этилган мурожаатлар назоратга олиниб, қисқа муддатларда ҳал этиб бериш юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда масъул ходимларга топшириқлар берилди.

viloyat_okimiga_tushgan_barcha_murozhaatlar_zhoyida_al_etild.jpg

Фарғонадаги “Моҳигул” хусусий фирмаси раҳбари Мукаррамхон Юсупова хитойлик ҳамкорлари билан бошлаган лойиҳани амалга ошириш учун Асака банкидан 362 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Тадбиркорнинг мазкур масаласи бўйича мутасадди ташкилотларга аниқ вазифа юклатилди. Шунингдек, сайёр қабул давомида Қўқон шаҳридан Умида Болтабоева саломатлигини тиклаш учун моддий ёрдам кўрсатиш, Санобархон Акрамова эса фарзандларини иш билан таъминлаш, Риштон туманидан Бурҳонжон Поччаев тадбиркорликни ривожлантириш каби масалалардаги мурожаатларини жойида ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. 

Сайёр қабулнинг чекка ҳудуд “Ойдинбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилиши бежиз эмас. Чунки бу ердаги кўплаб муаммолар ижобий ечимини топиб, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга муҳим эътибор қаратилмоқда.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида 670 та хонадон бўлиб, икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. “Обод қишлоқ” дастури асосида бу ерда ҳам ободонлаштириш ишлари бажарилиб, янги савдо дўконлари, гузар, жамоат транспорти тўхташ жойлари ташкил этилди. Ўндан ортиқ кўчалар асфальт қилинди, боғча ва мактаб қайта таъмирланди. Кам таъминланган оилаларга бюджетдан ташқари маблағлар ва ҳомийларнинг ташаббуси билан моддий ёрдам кўрсатилди. Шунданми, сайёр қабулда ойдинбулоқликларнинг биронтаси вилоят ҳокимига мурожаат қилмади. Аксинча, давлат раҳбарининг юрт тинчлиги, мамлакат равнақи йўлида олиб бораётган сиёсатидан миннатдор эканликларини билдирди. 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, шу куни "Ойдинбулоқ" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Ойдиной Йўлдошева хонадонига борилиб, уй соҳибасининг орзуси бўлган кир ювиш машинаси совға қилинди. О.Йўлдошеванинг айтишича, қизи Бахтигулнинг соғлиги ҳам доимий қаровга муҳтож. 

–Биз нафақа пуллари ҳисобига ҳаёт кечирмоқдамиз, – деди О.Йўлдошева. – Қизим Бахтигул ва мен илгари чеварчилик қилган эдик, агар оиламизда тикув машинаси бўлганида эди...

Бағдод тумани ҳокими А.Турсунов бу оилага уларнинг яна бир орзуси бўлган тикув машинасини шу куннинг ўзида келтириб беришни ваъда қилди ҳамда 1 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатди. 

Бундай тадбирлар фуқароларнинг розилигини таъминлаш ва аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.



8 540
М. СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА