Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 17:13 Чоп этиш версияси

Вилоят ҳокими аҳоли билан мулоқот ўтказмоқда

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев туман ва шаҳарларда аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказмоқда.

Ўтказилаётган очиқ мулоқотларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, фуқаролар фаоллигини янада юксалтириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳар томонлама ўрганиш ва муаммо-камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.

Ғиждувон тумани “Ҳавзак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Файз” фермер хўжалиги дала шийпонида ўтказилган учрашувда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли фаровонлигини юксалтириш, жойларда қурилиш-ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Туманда ечимини кутаётган масалалар, хусусан, кўча ва йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Вилоят ҳокими кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берди.

Туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича кўплаб лойиҳалар билан чиқмоқда.

– Мен ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш, яъни 500 тонна сиғимга эга совутгич қуриш мақсадида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳудудий бўлимига 500 миллион сўм миқдорида кредит олиш бўйича мурожаат қилган эдим, – деди “Golden Frukt Production” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Роила Мирзаева. – Бироқ ҳалигача ижобий жавоб ололганим йўқ.

Муаммога шу ернинг ўзида ечим топилди. Тадбиркорнинг лойиҳаси тез орада молиялаштириладиган бўлди.

– Уч ой илгари туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими шохобчаларидан 32 нафар санитар-хизматчи қатори мен ҳам штатлар қисқариши муносабати билан ишдан бўшатилган эдим, – дейди Гулноз Сулаймонова. – Тумандаги тегишли идораларга мурожаат қилганимизга қарамай, ҳалигача ишсизлар сафида турибмиз. Қолаверса, иш ўрнимиз қисқартирилгани сабабли меҳнат қонунчилигига мувофиқ, бизга 2 ойлик маош миқдорида компенсация пулини тўлаш ҳам чўзилмоқда.

Г.Сулаймонова ва унинг ҳамкасблари муаммоси қабулда қонуний ечим топди. Вилоят ҳокими масала яқин кунларда ҳал этилишини ўз назоратига олди.

Кўлижаббор ва Найман қишлоқлари вакиллари ҳудуддаги Алпомиш номидаги 47-мактабгача таълим муассасаси биносини реконструкция қилиш, Нодирабегим маҳалласи аҳли йўлларнинг таъмирталаблиги, Ғишти қишлоғи одамлари электр таъминотидаги узилишлар, Лабирўд, Калон ва бошқа қишлоқлар фуқаролари сифатли ичимлик суви борасидаги муаммоларини кўтаришди. Уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилиши ҳамда қўйилган масалалар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган ҳолда босқичма-босқич ҳал этилиши маълум қилинди.

Тадбирда барча даражадаги раҳбарлар халқ билан мулоқотга ўз фаолиятининг муҳим жиҳати сифатида қараши, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилга қатъий амал қилиш, фуқаролар мурожаатларини қонуний ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 263






Все о погоде - Pogoda.uz