ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси 65 килограмм пахта терди

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси 65 килограмм пахта терди

Андижон вилоятида ҳам пахта йиғим-терими қизғин паллага кирган. Вилоят пахтакорлари белгиланган йиллик марра сари кундан-кунга яқинлашиб бормоқда. Пахта хирмонининг юксалишига барча туманлар муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бўз туманида жорий йилда 5 минг 169 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилди. Тумандаги 127 фермер хўжалиги томонидан давлатга 16 минг 651 тонна “оқ олтин” етказиб бериш белгиланган. Айни кунда ташкил этилган 61 та терим отряди аъзолари томонидан йиғим-терим қизғин олиб борилмоқда. 

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан туман ва шаҳарлар маҳаллаларидан уюшмаган аҳоли вакиллари, уй бекалари, вақтинча ишсиз хотин-қизлардан иборат 800 нафардан зиёд кўнгилли ҳашарчилар йиғим-теримда Бўз тумани пахтакорларига яқиндан ёрдам бермоқда. Улар томонидан ҳар куни 40-42 тонна пахта терилиб, хирмонга тўкилмоқда. 

Эрта тонгдан туманнинг “Янги ҳаёт” массивидаги “Ойбек 2” фермер хўжалиги далаларига бордик. Далаларда ҳосил мўл. Гўё қуёш нурларидан товланаётган оппоқ пахтазор барчани бағрига чорлайди, қалбларни шижоатга тўлдириб, теримга ундайди. 

–Пахта халқимизнинг миллий бойлиги, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. – Пахтакорларга мададкор бўлаётган кўнгилли ҳашарчи опа-сингилларимиз деҳқонларнинг машаққатли меҳнатлари билан етиштирилган ана шу бойликни тезроқ йиғиб-териб олишга аҳд қилган. Шахсан мен ҳам бугун улар билан елкама-елка туриб, кечга қадар 65 килограмм пахта тердим. 

Пахтазорда бўлиш, пахта теришнинг барибир ўзгача гашти бор. Кимдир қўшиқ хиргойи қилади, ҳазил гаплардан кулги кўтарилади. Далада ким билан суҳбатлашмайлик кайфияти чоғ, теримда кўнгил амри билан иштирок этаётганлигини ҳис этдик. 

– Қизим билан теримга чиққанмиз, – дейди Бўз тумани “Боғи эрам” маҳалласида яшовчи Садбархон Жўрақулова. – Биргалашиб ҳар куни 250-300 килограмм пахта теряпмиз. Уйда бўлганимизда уй юмушлари билан кунимиз ўтарди. Теримда қатнашиб, ҳар беш кунликда 1,5 миллион сўмга етказиб пул оляпмиз. Бу оиламиз учун яхшигина даромад ҳисобланади.

Теримда қатнашаётган ҳашарчилар учун зарур шароитлар яратилган. Уларнинг далага бориб келишлари учун транспорт ташкил этилган, тушликка эса иссиқ овқат тайёрлаб берилмоқда. Теримдан сўнг эса маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилган.

6 621
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА