ЎзА Ўзбек

05.09.2018 19:09 Чоп этиш версияси

Тошкентда Вебстер университетининг магистратура дастури очилди

Тошкентда Вебстер университетининг магистратура дастури очилди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда ташкил этилган ТESL – Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш академик дастури бўйича бир йиллик магистратура босқичи очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, АҚШнинг Вебстер университети халқаро лойиҳалар бўйича вице-президенти Питер Махер бошчилигидаги делегация вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, жумладан, таълим тизимида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда янги даврни бошлаб берди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 2019 йилдан АҚШнинг Вебстер университети мамлакатимизда ўзининг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида мазкур таълим муассасасининг бир йиллик магистратура йўналиши очилгани бу борадаги илк қадам бўлди. 2019 йил январь ойидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида MBA дастури бўйича кадрлар тайёрлашни мақсад қилган.

– 2018/2019 ўқув йилида ЎзДЖТУ ва Вебстер университети ҳамкорлигидаги магистратура дастурида иштирок этиш учун мамлакатимиз ёшлари билан бирга, Марказий Осиёнинг барча давлатларидан ҳужжатлар қабул қилинди, – дейди ЎзДЖТУ ректори Ғанишер Раҳимов. – Жорий йилда магистратурага 200 дан ортиқ талаба ҳужжат топширди. Уларнинг 125 нафари танлов асосида ўқишга қабул қилинди.

Бир йиллик магистратурада ўқитиш Вебстер университети ўқув дастурлари асосида амалга оширилиб, машғулотлар мазкур университетнинг малакали мутахассислари ва ЎзДЖТУнинг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади.

Дастур доирасида ўқишни муваффақиятли якунлаган битирувчиларга Вебстер университетининг магистрлик дипломи берилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА
5 315