Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.12.2017 20:43 Чоп этиш версияси

Вазирлар андижонликлар ҳолини сўрамоқда

Вазирлар андижонликлар ҳолини сўрамоқда Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари раҳбарлари иштирокида “Суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолиятида коррупция ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилишга қарши курашиш, адолатли жамият қуришда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муаммолари” мавзусида аҳоли билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, адлия вазири Р.Давлатов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Тожиев, Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Солиев Андижон шаҳри, Асака, Шаҳрихон, Қўрғонтепа, Балиқчи, Бўз, Хўжаобод туманларида сайёр қабуллар ўтказди.

Ҳамширалик қилиш учун Давлат солиқ қўмитаси раисининг аралашуви зарур бўлди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиевнинг Асака ва Избоскан туманларида бўлиб ўтган учрашув ва сайёр қабулларида 100 нафар фуқаро турли масалалар юзасидан мурожаат қилди. Мурожаатларнинг 43 таси туманлар ҳокимликлари, вилоят ташкилотлари билан муҳокама қилиниб, жойида ҳал этилди.

10.JPG

– Мен Асака тиббиёт коллежини битирганман, – дейди Асака тумани Файзобод маҳалласида яшовчи Барнохон Холдорова. – Бир неча йилдирки, ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлаша олмаяпман. Бугунги сайёр қабулга ана шу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Асака тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига мени ишга жойлаштириш вазифаси топширилди. Менга тегишли ҳужжатларимни тайёрлаб, туман тиббиёт бирлашмасининг 7-поликлиникасида ҳамшира бўлиб иш бошлашим мумкинлиги айтилди.

Сув келди, лекин ҳужжатлар қачон келади?

Шаҳрихон туманида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Тожиев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров томонидан ўтказилган қабулларда аҳолининг суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқ масалалар, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан мурожаатлари ўрганилди.

7.JPG

– Бир неча йил ҳаракат қилиб, маҳалламизга ичимлик суви келтиришга эришдик, – дейди Шаҳрихон туманидаги Оқтўнлик маҳалласида яшовчи Ҳалимжон Отахонов. – Лекин сув тармоғини лойиҳалаштириш, тегишли тартибда расмийлаштириш учун кўп тўсиқларга учрамоқдамиз. Агар бу иш шундай қолиб кетса, келгусида хўжасизлик, тўловни амалга оширишда муаммолар келиб чиқиши мумкин. Шу боис ушбу масалани ҳал этишда ёрдам беришни сўраб, қабулга келдим.

Ушбу мурожаатни ўрганиб, масалани қонуний ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Бўзликлар энди кўмир деб бўзламайди

Избоскан ва Хўжаобод туманларида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Солиев билан бўлиб ўтган учрашув ва қабулда қатор масалалар юзасидан мурожаатлар ўрганилиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Бўз туманидаги "Сарижўга" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар кўмир олиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Уларнинг мурожаати бўйича тегишли идоралар раҳбарларига вазифалар топширилди. Масалага шу ернинг ўзида ечим топилди.

2.JPG

– Корхонамиз томонидан ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларининг аксарият қисми хорижга экспорт қилинади, – дейди Хўжаобод туманидаги “Нил-гранит” корхонаси раҳбари ўринбосари Сардор Ҳожиматов. – Корхонамиздаги тўқув машиналарининг махсус игналари хориждан келтирилаётгани, нархи қимматлиги, қолаверса, ана шу маҳсулотларга божхона тўловлари юқорилиги бизга қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу боис, ўз эҳтиёжимиз учун ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган маҳсулотларни хориждан олиб киришда божхона имтиёзлари берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ушбу таклиф тегишли идоралар иштирокида кўриб чиқилиб, ҳал этиладиган бўлди.

Учрашув ва сайёр қабулларда фуқароларнинг уй-жой, ижтимоий муҳофаза, таълим, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот, банк идоралари фаолияти, ишга жойлашиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалардаги мурожаатлари кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топилди. Қолган мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масалага дахлдор ташкилотларга тақдим этилди.

6.JPG

Сайёр қабулларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари қамраб олинди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
8 066