Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 15:29 Чоп этиш версияси

Ватанпарварлик оиладан бошланади

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Абдулла Қодирий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг маҳалла фаоллари ва ўқувчи-ёшлар билан учрашуви ташкил этилди.

“Ватанпарварлик маҳалладан бошланади” маънавий-маърифий тадбирида сўзга чиққан ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ҳарбий соҳада эришилаётган ютуқлар ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритди.

Маҳалла – инсонни жамият билан уйғунлаштирадиган энг катта саховатли гўша. Халқимизда “Маҳалла – ҳам ота, ҳам она” деган ҳикматли ибора бор. Маҳалла тушунчасининг Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилгани юртимизда амалга оширилаётган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган тамойилнинг ифодаси бўлиб, маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг онгу тафаккурини миллий қадриятлар асосида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Президентимиз таъкидлаганидек, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Лилия Тўрахўжаева. – Ватанпарварлик азалдан халқимизда энг юксак инсоний фазилат саналиб келинган. Зеро, меҳр-оқибатли, иймон-эътиқодли, таълим-тарбияли фарзандлар ва оилалар аҳиллиги, мустаҳкамлиги Ватан қудрати кафолатидир.

Тадбирда жорий йилдаги III халқаро армия ўйинлари дастури доирасидаги “Қўшин разведкаси аълочилари” ҳамда Буюк Британияда разведка бўлинмалари ўртасида ўтган “Кембрия патрули” халқаро танлови ғолиблари таассуротлари ва эришган ютуқлари ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли жамоасининг яккахон хонандалари томонидан ижро этилган она юртни, мардликни, ватанпарварликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар даврага янада файз бағишлади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 995






Все о погоде - Pogoda.uz