Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.02.2018 14:54 Чоп этиш версияси

Ватанпарвар ёшлар тарбиясига янгича ёндашув

Ватанпарвар ёшлар тарбиясига янгича ёндашув
“Ёш чегарачилар – 2018” мусобақаси бу йил ўзгача бўлиб ўтади. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида мазкур мусобақани ташкил этиш ва ўтказишга масъул Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари масъул офицерлари ҳамда бир қатор вазирлик ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокидаги ишчи гуруҳ йиғилишида маълум қилинди.

2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” мусобақаси ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Таъкидланганидек, шу пайтга қадар “Ёш чегарачилар” мусобақаси республика чегараолди ҳудудларидаги коллеж ва академик лицейларда таҳсил олувчи ёшлар ўртасида ўтказиб келинган эди. Бу йил улар сафига чегараолди ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчилари қўшилиши режалаштирилмоқда.

2011-2017 йиллар мобайнида мазкур мусобақа 21 мингга яқин ўқувчини қамраб олган. Низомга кўра ҳар бир жамоада 10 нафар иштирокчи бўлиб, улардан икки нафари қизлардан иборат бўлади.

“Ёш чегарачилар” мусобақаси ҳамкор ташкилотлари сафига бу йил Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қўшилди. Бу вазирлик умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг мусобақада фаол иштирокини таъминлаб, ҳакамлар ҳайъати таркибида ва ғолиб жамоаларни тақдирлаш жараёнларида қатнашади.

Иштирокчилар 14 шарт ва 3 босқичли ҳарбийлаштирилган спорт мусобақалари бўйича беллашади. Эътиборли жиҳати шуки, иштирокчилар МХХ чегара қўшинлари хизматчиларининг жанговар фаолияти билан яқиндан танишади. Шу тариқа улар жанговар техника, қурол-аслаҳаларни бевосита кўриб, ҳарбий хизматчилар ва хизмат ҳайвонларининг кўргазмали чиқишларини кузатиш имкониятига эга бўлади.

Ишчи гуруҳ йиғилишида 2018 йилда бўлиб ўтадиган “Ёш чегарачилар” мусобақасига тайёргарлик жараёни ва уни ўтказиш тўғрисида МХХ чегара қўшинлари масъул офицери, подполковник Ў.Норқулов маълумот берди.

Унинг айтишича, иштирокчилар маданий-маърифий тадбирларда ҳам иштирок этиши кўзда тутилган. Жумладан, финал босқичи қатнашчилари учун Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилади, маданият ва санъат намояндалари билан учрашувлар ташкил этилади.

Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари мусобақани янада мазмунли ва таъсирчан ўтказиш юзасидан таклифлар билдирди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
7 954