Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 13:37 Чоп этиш версияси

"Ватанпарвар" сабоғи билан ҳарбий хизматга

"Ватанпарвар" сабоғи билан ҳарбий хизматга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан бўлажак аскарларни армияда хизмат қилишга жисмоний, маънавий ва техник тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буни ташкилотнинг Қашқадарё вилояти кенгаши фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ташкилотда Қуролли Кучларимиз учун техник мутахассислар тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ҳамда оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган турли тадбирлар, танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилаётир.

– Ташкилот тасарруфида 1 шаҳар, 13 туман кенгаши, 15 ўқув спорт техника клуби, Қарши ва Шаҳрисабз автомобиль мактаблари, вилоят техник ва амалий спорт турлари унитар корхонаси фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қашқадарё вилояти кенгаши раҳбари Бобур Язданов. – Уларда ҳар бир йўналиш бўйича ватанпарвар, юксак маънавиятли ва малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят кенгаши томонидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда маънавият, ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи ва оммавий-ташкилий ишлар йўналиши бўйича турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилаётир. “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” мавзусидаги давра суҳбатлари, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида ташкил этилган тадбирлар шулар жумласидандир. Мазкур тадбирлар доирасида вилоятдаги кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари ҳолидан хабар олиниб, эсдалик совғалари топширилди.

Ёшларни ҳарбий билим юртларига руҳан ва жисмонан тайёрлаш, улар ўртасида Ватанга муҳаббат, ҳарбий ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, чегараларимиз дахлсизлиги, Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш масъулиятини кучайтириш мақсадида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Айниқса, “Ёш чегарачилар”, “Шунқорлар”, “Ҳарбий амалий кўпкураш” ҳарбий ватанпарварлик мусобақаларига ўқувчи-ёшлар орасида қизиқиш катта. Бунинг исботини ушбу спорт мусобақаларида қатнашувчи ёшлар сафи йил сайин кенгайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Қарши шаҳри ва Шаҳрисабз туманидаги автомобиль мактабларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш учун барча шароит яратилган. Ўқув корпуслари замонавий технологиялар билан таъминланган.

– Мактабда ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароит мавжуд, – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги Қарши автомобиль мактаби бошлиғи ўринбосари Алишер Ширинов. – Замонавий радио алоқа воситалари ва компьютер хоналари, спорт зали, 125 ўринли ётоқхона ва ошхона улар ихтиёрида. Ўтган йили милтиқдан ўқ отиш биносининг янгидан қуриб фойдаланишга топширилгани чақирилувчиларнинг ҳарбий соҳадаги билимларни янада пухта ўзлаштиришига хизмат қилмоқда.

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгашига қарашли қуйи ташкилотларда спортнинг ёзги биатлон, триатлон, милтиқдан ўқ отиш, ҳарбий-амалий кўпкураш, моделспорт, автомото турлари бўйича 64 тўгарак ва спорт секцияси фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда бу тўгаракларга 1 минг 300 дан зиёд ёш жалб этилган.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни спорт мусобақаларига жалб этиш, ҳақиқий ватанпарварларни тарбиялаш нафақат мамлакатимиз мудофаасининг юксалишига, балки навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайишига хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
2 916






Все о погоде - Pogoda.uz