ЎзА Ўзбек

07.03.2018 08:17 Чоп этиш версияси

Ватанида ватансизлар

Ватанида ватансизлар
Мьянмада мусулмон-рохинжаларни оммавий ўлдириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида 2017 йилнинг август ойида жаҳон оммавий ахборот воситалари қатор хабарлар тарқата бошлади.

Рохинжалар ким? Мьянмада мусулмон умматига мансуб ягона миллатни нега қирғин қилишмоқда? Жануби-шарқий Осиёда янги йирик гуманитар фожиа қаердан пайдо бўлди? Бу саволлар барчамизни бирдек ўйлантиради.

Маълум бўлишича, 2017 йил 25 августда “Рохинжаларни қутқариш Аракан армияси” Ракхайн штатидаги 30 та таянч нуқталарига ҳужум қилади. Мьянма хавфсизлик кучлари жавоб тариқасида ҳарбий амалиётларни бошлайди. “Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилотининг айтишича, минтақада тўқнашувлар бошланган биринчи ойда 6,7 минг киши қурбон бўлган, ундан кейинги рақамлар бир-биридан мавҳум. Ҳозиргача қурбонлар сони 10 мингдан ортгани айтилмоқда.

Рохинжалар сони дунё миқёсида 2-2,5 миллион нафар бўлиб, Мьянмада 1 миллион, Бангладешда 800 минг, Покистонда 200 минг, Таиландда 100 минг, Малайзияда 40 минг нафари истиқомат қилади. Улар бенгал тилининг читтагонг лаҳжасида сўзлашишади ва 250 миллионлик бенгал халқининг бир қисми саналади, ислом динига эътиқод қилишади. Улар ҳар 5 йилда 20 фоиздан кўпайиб бормоқда ва ҳаддан ортиқ демографик ўсиш шундай ҳам бир жойда муқим жойлаша олмаган халқнинг ташвишларини кўпайтирмоқда.

Рохинжалар Мьянмага асосан Британия мустамлакачилиги вақтида, бир қисми Бирма мустақилликка эришгач, 1971 йили Бангладеш-Покистон уруши чоғида кўчиб келишган. Мьянма ҳукумати рохинжаларни Бангладешдан келиб қолган ноқонуний мигрантлар, деб ҳисоблайди ва улар фуқаролигини тан олмайди. Мьянма ҳукумати рохинжа атамасини сира қўлламасликни, уларни бенгалиялик деб чақиришни тавсия қилишади.

Рохинжалар эса Ракхайн штатининг туб жой аҳолиси бўлганини таъкидлашади. Уларга 1785 йилга қадар бу ерда Аракан қироллиги мавжуд бўлганини эслатишади. Шу сабабли Ракхайн штатини Аракан деб ҳам аташади. 1826 йилда биринчи инглиз-бирма уруши натижасида британияликлар Араканни ўзларига қўшиб олишди ва бу ердаги шоли далаларига арзон ишчи кучи сифатида бенгаллар кўчиб кела бошлайди. 1942 йили рохинжа ва аракан-буддавийлар ўртасида ракхайн уруши бўлиб ўтади. Оқибатда ушбу минтақа этник жиҳатдан турли қутбларга ажралиб қолади. Ўшанда буддавийлар ва мусулмонлар ўртасида қурбонлар сони 50 минг нафардан ошиб кетган эди.

Рохинжалар япон қўшинларига қарши курашиш учун иттифоқчиларидан қурол-яроқлар олишади, уларни этник рақибларини мавҳ этиш учун ҳам ишлатишади. Бу пайтда японлар билан ҳамкорлик қилган бирмаликлар эса рохинжаларни қирғин қилади. 40 минг нафарини Бангладеш ҳудудига чиқариб юборишади. Бирма мустақилликка эришганининг илк йилларида Ракхайн штатидаги мусулмон аҳолиси ўртасида айирмачилик кайфияти олов олади. Ўшанда аҳоли Шарқий Покистон, яъни ҳозирги Бангладешга қўшилиш ниятида эди. Аммо Бангладеш ва Покистон ўртасидаги қонли уруш уларни яна ҳимоясиз-умидсиз қолдирди.
Бирма бошқарувига ҳарбий ҳокимият келгач, рохинжа мусулмонларини мамлакат фуқароси, деб тан олишмади. 1982 йили гарчи мамлакатда фуқаролик ҳақидаги қонун қабул қилинган бўлса-да, аммо рохинжаларга фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар умуман берилмади. Ваҳоланки, бу ерда 135 та турли этник гуруҳ яшайди, аммо фақат рохинжалар айириб қўйилгани уларнинг ғазабини қўзитди.

Аҳолисининг 88-90 фоизи буддавийлик динига эътиқод қилади. 4 фоизи мусулмон. Ракхайн штатида 3 миллион аҳолининг фақат 2 миллиони рўйхатдан ўтказилган, 1 миллиони, жумладан рохинжаларни бу жараёнга жалб этишмади. Штат Мьянмадаги энг қашшоқ ҳудуд бўлиб, ижтимоий-иқтисодий аҳвол ўта қолоқдир.

Қийноқлар, ноқонуний ҳибсга олишлар, диний эътиқод эркинлигини ва мамлакат ичида ҳаракатланишни чеклашлар, ишга жойлашишдаги камситишлар, ижтимоий хизматлардан фойдаланишдаги тўсиқлар барчаси тарангликни муттасил кучайтириб борди. Ҳозир Мьянмадаги бошқа миллат ва элатлар ҳамда сиёсий элита ўртасида рохинжаларга қарши ягона фронт ҳосил бўлаётгани диққатимизни тормоқда. Улар расмий сиёсатни қўллаб-қувватламоқда ва рохинжаларни бангладешлик қочоқлар, деб аташмоқда.

Мьянма раҳбарияти айирмачи “АРСА” жангариларини халқаро террорчилик ташкилотлари билан яқин алоқага эга ва улардан моддий ёрдамлар олиб келади, жангарилари эса хориждаги лагерларда тайёргарлик машқларини ўтайди, деб ҳисобламоқда. Рохинжалар эса терроризм билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтишмоқда. Улар рохинжа халқи учун демократик ислом давлати тузиш мақсадини билдирмоқда.

Муросасизлик кучайган шароитда кичик-кичик тўқнашувлар, 2012 йилда қонли низога айланди. Ўшанда 200 киши қурбон бўлган ва 140 минг инсон қочоққа айланган эди. Ўн минглаб мусулмонлар кемаларда Малайзия, Индонезия, Таиландга кўчиб ўтишди. 2014 йил БМТнинг Ракхайндаги инсонпарварлик миссияси омборлари ва офисларига ҳужумдан кейин ташкилот ходимлари Мьянмани тарк этишди.

Узоқ йиллар ҳарбийлар бошқарган Мьянма 2015 йил 8 ноябрда демократик сайловлар натижасида фуқаролик бошқарувига ўта бошлади.

Халқаро инқирозга қарши гуруҳ маълумотларига кўра, “АРСА” ташкилоти етакчиси Отаулло Аммар Юнуний Покистоннинг Карачи шаҳрида туғилган, Саудия Арабистонида вояга етган ва диний таълим олган. Ҳозир ҳам бу давлатлар билан яқин алоқаларга эга. У 2012 йилдаги низолардан кейин беқарор минтақага қайтган ва тарафдорларини радикал ҳаракатларга ундаган. 2016 йил октябрда у “Ҳаракат ал-Яқин” гуруҳининг етакчиси, деб таништирилди. Бу ҳаракатнинг бош қароргоҳи Макка шаҳрида бўлиб, этник рохинжалардан ташкил топган қўмитани назорат қилади ва мустақил давлат тузишни ҳар қандай йўллар билан амалга оширишни истайди.

2015 йил январь ва март ойларида ҳам 24 минг рохинжа кемаларда Мьянмани тарк этган эди. 2015 йил майда Малайзия навбатдаги қочоқлар гуруҳини ўз ҳудудида қабул қила олмаслигини ошкор қилиб, 500га яқин рохинжаларни чегарасига киришга рухсат бермади. Уларни озиқ-овқат, сув ва ёнилғи билан таъминлаб, кемаларни ортга қайтариб юборишди. Малайзия ва Индонезия йилига фақат 7-8 минг қочоқни қабул қилиши мумкинлигини маълум қилди.

2016 йил 9 октябрда Мьянманинг 3 та чегара постига икки юз киши қуролли ҳужум қилди ва 9 та чегарачини ўлдирди. Жавоб тариқасида Ракхайн штатига қўшин киритилди. Икки ой ичида 21 минг нафар рохинжа Бангладешга қочиб ўтди.

2017 йил августдаги ҳодисалар эса барчасидан ошиб тушди. Оқибатда қўшни Бангладеш ҳудудида 800 мингдан ортиқ қочоқлар тўпланиб қолди. Расмий Дакка кўп сонли қочоқлар муаммосини бир ўзи ҳал қилиши қийин.

Бир қарашда 170 миллионлик аҳолига эга Бангладеш учун бу денгиздан бир томчидек туюлади. Аммо қочоқлар чегара ҳудудидаги минтақалар иқтисодиётига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда, жиноятчилик сони ошмоқда, уларни сақлаш учун жуда катта маблағ сарф қилинмоқда, ижтимоий юк ўсяпти. Лагерлардаги ёрдамга муҳтож ва қарам халқ жиноятчиликнинг, қул савдосининг енгил қурбонига айланмоқда, аёллар ва қизлар жинсий зўравонликка учраяпти, юртсиз элат очликдан азият чекаяпти. Ишсиз ёшлар наркотиклар савдосига жалб қилинмоқда. Уларнинг 90 фоизи кофеин ва метамфетамин аралашмаси бўлган “яба” наркотикларини Наф дарёси орқали Мьянмадан Бангладешга етказишмоқда. Ҳар томонлама бўғиб ташланган лагерлардаги аҳоли орасида жиҳодчилик кайфияти ўсмоқда.

БМТнинг Болалар жамғармаси маълум қилишича, Бангладешдаги қочоқларга озиқ-овқат, ичимлик суви ва ётиш учун жой етишмаяпти. Энг ёмони, қочоқларнинг 60 фоизи ёш болалардир. Шароит шу қадар оғирки, ҳатто ёввойи филлар ҳам улар чодирларига қўққисдан бостириб кириб, қочоқларни эзиб-мажақламоқда.

Бангладеш Мьянма билан муносабатларни бузишни истамайди. Дакка хавфсизлик кучлари лагерларда амалиёт ўтказиб, айирмачи кучлар раҳбарларини тутмоқда ва қўшни Мьянмага топширмоқда. Бу эса муҳолифатни эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бангладешда генерал Зиллур Раҳмон бошқаруви йилларида (1977-1981 йиллар) у армия разведкаси раҳбарини рохинжалар билан мулоқот ўрнатишга юборган ва “Шимолий Ракхайн Ислом давлати”ни тузиш учун курашда қўллаб-қувватлашга ваъда қилган эди. Натижада рохинжаларнинг қуролли фаоллиги ошди. Бирма ҳарбийлари 1978 йил февралда уларга қарши “Нага Мин” операциясини ўтказди. Айнан ўша пайтларда Бангладешга рохинжаларнинг илк қочоқлар оқими пайдо бўлди.

Зиллур Раҳмон асос солган Бангладеш миллий партиясига ҳозир унинг беваси Ҳолида Зиё раҳбарлик қилмоқда ва давлатда асосий муҳолиф партия саналади. У икки бора бош вазирлик лавозимини эгаллаган ва рохинжалар режасини тўлиқ маъқуллайди.

Бангладешнинг ҳукмрон элитаси ижтимоий тарангликни пасайтириш, бангладешликлар ва рохинжалар ўртасидаги алоқани минималлаштиришга интилмоқда. Ҳукумат 2014 йилдан бангладешликларни рохинжалар билан никоҳ қуришини тақиқловчи қонунни имзолади. Бу тартибни бузганларга 7 йиллик қамоқ жазоси белгиланди. Бу билан рохинжаларнинг Бангладешда фуқаролик олиш имконияти ёпилди.

2017 йил сентябрда рохинжа қочоқларининг эркин ҳаракатланиши учун қатъий чеклов жорий этилди. Уларнинг барчаси Мьянма билан чегара яқинидаги лагерларда жойлаштирилиши ва маъмурлар рухсатисиз бу ердан чиқиб кетмаслиги керак. Бангладеш ҳатто ёрдам сўраб ўтганларни мамлакат ичкарисига кирмаслиги учун ёмғир мавсумида сув билан тўлиб-тошадиган Тенгар Чар оролларига юбормоқда ва кейин Мьянмага қайта депортация қилмоқда.

Ўтган йили ноябрда эса Мьянма ва Бангладеш ўртасида қочоқларни қайтариш учун ўзаро тушуниш ҳақида меморандум имзоланган эди. Бангладеш қочоқларнинг шахсий маълумотлари ифода этилган ҳужжатларни тақдим этса, Мьянма уларни қайта қабул қилишга тайёрлигини билдирмоқда. Яқинда бундай истак бирдирган 1,2 минг қочоқни рўйхати тузиб чиқилди. Улар аслида 23 январда қайтариш бошланиши керак эди. Аммо бу муайян муддатга узайтирилди.

Аксига олиб кўп йиллардан буён Бангладешда яшаётган рохинжаларнинг шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Мьянма эса хат-ҳужжатсиз шахсларни ўзида қабул қила олмаслигини айтаяпти.

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори, Мьянма бош вазири Аун Сан Су Чжи хоним 2017 йилда рохинжалар муаммолари бўйича махсус комиссия тузди ва унга раҳбарлик қилишни БМТ собиқ бош котиби Кофи Анандан шахсан илтимос қилди. Собиқ жаҳоннинг бош дипломати Ракхайн туманларида ўндан ортиқ сафарларда бўлиб, вазиятни атрофлича ўрганди ва тегишли хулосасини берди.

Минг афсуски, энг долзарб муаммоларни ечишда БМТнинг ҳал қилувчилик ўрни сезилмаятпи. Оғриқли масалаларни тезликда ечиш ўрнига оғиркарвонлик кўрсатаяпти.

У Мьянмада гуманитар инқирознинг олдини олиш учун 1,2 миллион аҳолига бирламчи ёрдамни етказиб бериш мақсадида 434 миллион доллар ажратмоқда. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Хусайн Мьянма ҳукумати раҳбари Аун Сан Су Чжини тинчликка эришиш учун сидқидилдан ҳаракат қилишга ундамоқда. У рохинжа мусулмонларига қарши қатлиомни танқид остига олар экан, мамлакат куч тузилмалари ўтказаётган операцияни «этник тозалаш» деб атади. «Хьюман Райтс Вотч» ташкилоти йўлдош орқали олинган 1250 та рохинжалар уйларини ёқиб юборилгани кўриниб турган суратларни намойиш этди. Ҳатто қишлоқлардан бирининг аҳолиси вертолёт орқали ўққа тутилган. Ҳибсга олинган орасида эса 10 ёшдан кичик 75 ёшдан катта кишилар ҳам бор. Рохинжалар дунёдаги энг тақиб қилинаётган миллатлардан биридир.

Малайзия бош вазири Ножиб Раззоқ Мьянмадаги ҳаракатларни геноцид деб тарафлади ва қаттиқ танқид қилди.

Форс кўрфазидаги араб давлатлари катта маблағ ажратиб, уларни Малайзия ёки Индонезияга кўчириш бўйича тажриба ўтказишлари мумкин эди. Аммо Жануби-шарқий Осиёдаги ушбу давлатлар бунга розилик бермаётган бўлса, бошқа томондан жуда катта ҳаражатли бу лойиҳани молиялаштиришга ҳеч ким астойдил интилаётгани ҳам йўқ.

Эътиборли томони, Африканинг Гана давлати бир неча йил муқаддам барча рохинжаларни ўз юртига қабул қилиш ва улар ҳуқуқларини таъминлаш таклифи билан чиққан эди. Аммо бу таклифни рохинжаларнинг ўзи рад этишган.

Хўп, инсонпарварлик билан ном қозонган Ғарб давлатлари рохинжаларга нега муҳожирлик квоталарини ажратмаяпти? Чунки улар Сурия ва Яқин Шарқдаги қочоқлар оқимидан тўйиб бўлишган. Улар янги оқимга нисбатан ҳеч қандай маънавий масъулдорликни ҳис қилмаяпти.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Федерика Могерини 50 мамлакатни ўз ичига олган АСЕМ (Европа-Осиё форуми) доирасида ва музокаралар воситасида инқирозни ҳал қилишни таклиф этмоқда.

Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон 10 февралда Бангладеш жануби-ғарбидаги Коркс-Бозор округидаги қочоқлар яшайдиган лагерига ташрифи чоғида Мьянма ҳукумати уларни ўз ватанига қайтиши учун барча шароитларни яратиб бериши кераклиги ҳақида баёнот берди.

АҚШ қочоқларга 104 миллион долларлик моддий ёрдам тақдим этди. Мьянма билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни бекор қилди.

Сўнгги даврда Мьянма-Хитой алоқаларининг кучайиши афтидан айрим қудратли давлатларга ёқмаётган кўринади. Хитой муаммони Бангладеш ва Мьянма ўртасида мулоқот орқали ҳал қилинишини истайди ва бунга четдан ҳар қандай аралашувни қоралайди.

Ҳиндистон эса Мьянмани тезроқ Бангладешнинг амалдаги ҳукумати билан келишув имзолашга ундамоқда. Агар ҳукумат ўзгариб қолса, музокараларда муваффақиятга эришиш жуда қийин бўлиши мумкин.

Россия инсон ҳуқуқларини бузмаган ҳолда муаммони ечиш учун ўзаро сиёсий ҳамкорликни излаб топишни таклиф қилмоқда. Шу билан бирга унинг минтақадаги муҳим ҳамкорига 6 та Су-30 қирувчиларини сотгани Ғарбнинг жиддий эътирозига сабаб бўлаяпти. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров махсус фонд орқали муайян ёрдамни кўрсатаётганини ҳисобга олмаганда қочоқларга катта кўмак кўрсатилмаяпти.

Албатта, Мьянмада юзага келаётган вазият, хусусан, мамлакатдаги озчиликни ташкил этувчи мусулмонларга кўрсатилаётган зўравонлик гарчи олисда бўлсак-да, Ўзбекистонни ташвишга солмай қўймайди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва БМТ уставида мустаҳкамлаб қўйилган принциплар, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Устави мақсад ҳамда вазифаларига асосланган ҳолда ҳар қандай шаклдаги зўравонликни қоралайди ва ҳар бир инсоннинг ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар барча ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз таъминланиши тарафдори ҳисобланади.

Шу муносабат билан Мьянма раҳбариятини айбсиз мусулмонларга қарши зўравонликни тўхтатиш учун чоралар кўришга, муаммони фақат тинч йўл билан ҳал этишга чақирамиз. 2017 йил сентябрь ойида

Ўзбекистон ҳукумати Мьянма қочқинлари эҳтиёжлари учун гуманитар ёрдам ҳам юборган эди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, рохинжалар ўз ватанига қайтиши керак ва уларни тақиб қилмаслик учун Мьянма кафолат бериши зарур. Ўз навбатида, айирмачи кучлар барча қуролли қаршиликни тўхтатиб, умумий тинчликка эришиши зарур. Бунда оқилона миграция сиёсатини олиб бориш жуда долзарб.

Лазиз Раҳматов, 
халқаро шарҳловчи

16 651