Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 17:31 Чоп этиш версияси

Ватанга содиқлик қасамёди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти офицерлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани алоҳида таъкидланди. Мустақиллик йилларида замон талабларига жавоб берадиган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз барпо этилди. Миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, ҳарбийларнинг профессионал малакасини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, Ватан ҳимоячиси деган номга муяссар бўлиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки олий мақсадга айланди. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитлари такомиллаштирилиши муносабати билан армияга чақирувни йилда бир марта – февраль-март ойларида амалга ошириш тизими яратилди, мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

...Ҳарбий қасамёд – муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларнинг ўз Ватани, халқига ва Президентига садоқати ифодасидир. Ҳарбий хизматчи Ватан шаъни, унинг озодлиги ва мустақиллиги, халқнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга ваъда беради. Шу боис қасамёд қабул қиладиган кун ҳар бир аскар учун бир умр ёдда қоладиган воқеадир.

Оддий аскар Шавкат Ғаффоров қасамёд қабул қилди.

– Мен ҳарбий либос кийиб, эл-юрт корига камарбаста бўлаётганимдан, Ватанимиз тинчлигига ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, – дейди у. – Мақсадим Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қилишдир.

Самарқандлик Ғиёсиддин Фозилов катта ўғли Қамариддин Қурбоновнинг қасамёд қабул қилиш маросимини ҳаяжон билан кузатиб турди.

– Ўғлимнинг Ватанимизга ва Президентимизга содиқлик қасамёдини қабул қилганини кўриб, кўксим тоғдек кўтарилди, қалбим ғурур-ифтихорга тўлди, – дейди у. – Мустақиллик ёшларимиз учун миллий армиямиз сафларида ўз йигитлик бурчини ўташ, энг муҳими, озод ва обод Ватанимизнинг янада равнақ топиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, оиласи, яқинларининг тинч ва осойишта яшаши учун муносиб ҳисса қўшиш имконини берди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
648






Все о погоде - Pogoda.uz