Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2018 15:49 Чоп этиш версияси

Ватан унутмайди мард ўғлонини

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан «Мардлар қўриқлайди Ватанни» мавзуида маънавий-маърифий йўқлов тадбири ташкил этилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад юрт тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган ҳамда хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш, муаммоларини ўрганиш, ҳарбий хизматчиларнинг Ватан равнақи йўлида олиб бораётган эзгу ишларини, мардонавор хизматларини эътироф этиш, улар меҳнати ва ютуқларини ёш авлодга ўрнак ва намуна қилиб кўрсатишдан иборатдир.

Тадбир иштирокчилари пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида бўлиб, Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчилар – Баҳром Жўраев, Зуҳриддин Сотиқулов ва Мухторжон Бозоровнинг хотирасини ёд этди, фарзандлари ҳолидан хабар олди.

Йўқлов тадбирида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилиб, ҳарбий хизматчиларнинг она Ватанни асраш йўлида кўрсатаётган жасорати эътироф этилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
8 907