Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 16:20 Чоп этиш версияси

Ватан ҳимояси ишончли қўлларда

Қобилжоннинг қувончи чексиз. У ўзини камолга етказган жонажон Ватан ҳимоясига отланмоқда.

– Болалигимдан ҳарбий бўлишни орзу қиламан, – дейди у. – Телевизорда ҳарбийлар ҳаёти ҳақидаги фильмларни мириқиб томоша қиламан. Уларнинг ҳаётига, фаолиятига қизиқаман. "Катта бўлсам, мен ҳам ҳарбий бўламан", деб орзу қилардим. Мана бугун мақсадимга эришаётганимдан бахтиёрман.

Учтепалик Қобилжон оилада тўрт ўғилнинг кенжаси. Болалигидан спортнинг кикбоксинг тури билан мунтазам шуғулланди. Тумандаги 109-умумтаълим мактабини тамомлаб, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети қошидаги академик лицейда таҳсил олди. Унинг мактаб ва лицейда олган билимлари ва спорт билан шуғуллангани тиббий, жисмоний кўриклардан ва тест синовларидан муваффақиятли ўтишида катта аҳамият касб этди.

Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Қуролли Кучларимизнинг моддий ва маънавий қиёфаси янгиланди. Замон талабларига жавоб берадиган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз барпо этилди. Миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, ҳарбийларнинг профессионал малакасини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, Ватан ҳимоячиси деган номга муяссар бўлиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки олий мақсадга айланди. Мустақиллик ёшларимиз учун миллий армиямиз сафларида ўз йигитлик бурчини ўташ, энг муҳими, озод ва обод Ватанимизнинг янада равнақ топиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, оиласи, яқинларининг тинч ва осойишта яшаши учун муносиб ҳисса қўшиш имконини берди.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитлари такомиллаштирилиши муносабати билан армияга чақирувни йилда бир марта – февраль-март ойларида амалга ошириш тизими яратилди, мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида ҳам фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларига пухта тайёргарлик кўрилди.

– Ҳарбий хизматни ўташ учун отланаётган ёшларнинг соғлиғи, жисмоний тайёргарлиги билан бирга маънавияти, интеллектуал салоҳияти, ахборот-компьютер технологияларига асосланган таълимнинг замонавий усул ва шаклларини ўзлаштира олиш қобилияти ҳам кўрикдан ўтказилиб, энг муносиблари бир неча босқичдан иборат танлов орқали саралаб олинмоқда, – дейди Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи Эргашали Тоштемиров. – Бу, ўз навбатида, миллий армиямиз сафларини Ватан ҳимоясидек шарафли ишга муносиб кадрлар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Бўлажак Ватан ҳимоячиларига Қуролли Кучларимизнинг мазмун-моҳияти, ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Малакали мутахассислардан иборат чақирув комиссияси ташкил этилди. Йигитларнинг билим даражасини аниқлаш мақсадида уларнинг мактаб таълими дастуридаги мажбурий фанларни ўзлаштириш даражаси, интеллектуал ривожланиш даражаси, шунингдек, мослашувчанлик ва чидамлилик қобилияти текширилди. Шунингдек, улар жисмоний тайёргарлик синовидан ўтказилди. Тест синовлари якунида миллий армиямизда муддатли ҳарбий хизмат қилиш учун энг юқори балл эгалари саралаб олинди.

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, муддатли ҳарбий хизматга отланаётган ёшларнинг бўйи ва вазнининг мутаносиблиги, жисмонан бақувватлиги, руҳий тетиклиги, яхши билимга эгалиги кузатилмоқда. Бунда уларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўзи қизиққан соҳа бўйича турли тўгаракларга қатнаши алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Темурбек Ирисбоев пойтахтимизнинг Бектемир туманидан. У ҳам болалигидан Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди сингари буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга, ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлашга астойдил ҳаракат қилди. Тумандаги 293-умумтаълим мактабида ўқиш баробарида спорт билан шуғулланди. Тошкент политехника касб-ҳунар коллежини тамомлагач, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотида алоқа воситаларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни эгаллади.

– Она Ватан ҳимояси учун бел боғлаб, ҳарбий либос кийиш – ҳар бир йигитнинг орзуси, – дейди у. – Чунки аждодлардан мерос шу табаррук заминни, ота-онам, ука-сингилларим яшаётган уйимизни, тинч-осойишта Ватанимизни ҳимоя қилиш энг шарафли бурчдир. Келажакда ҳарбий мутахассис бўлиш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, юртимизга қалқон бўлишни мақсад қилганман. Муддатли ҳарбий хизматга отланаётганим мақсадим сари ташлаётган илк қадамимдир.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 371






Все о погоде - Pogoda.uz