Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 13:35 Чоп этиш версияси

Ватан ҳимоячилари билан мулоқот

Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирокида видеоконференциялар ўтказиш яхши анъанага айланди. Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиз ҳокимлигида бўлиб ўтди.

"Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси" шиори остида ташкил этилган видеоконференцияга муддатли ҳарбий хизматчилар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари, офицерлар, журналистлар таклиф этилди.

– Яқин инсонларимиз билан дийдор кўришиш жуда ёқимли бўлди,– дея таассуротлари билан ўртоқлашди оддий аскар Алиёр Жўраев. – Жанговар ўқув машғулотларидаги ютуқларимиз ҳақида сўзлаб бериш имконига эга бўлиш янада қувончли. Ота-оналаримиз биз билан фахрланишга ҳақли, чунки бизнинг Ватан ҳимоячилари бўлиб етишишимизда уларнинг жуда катта меҳнати мужассам. Уларнинг дуосини оқлаш ва она Ватанга муносиб хизмат қилишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Ҳарбий либоси ярашиб турган Алиёрга дўсти Бобуршоҳ Маматурғунов ҳавас билан қараб турарди. У ҳарбий хизматчига ҳамқишлоқларининг саломини етказди. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳумоюн Акбаров, Зикрилла Неъматов ва бошқалар ҳарбий хизматчиларга самимий тилакларини билдирди. Улар Тошкент ва Фарғонани видеоконференция орқали боғлаган тадбир ташкилотчиларига ҳам миннатдорлик изҳор қилди.

Аблай Камолов, ЎзА
8 576