Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 12:55 Чоп этиш версияси

Ватан ҳақидаги энг яхши асарлар

Самарқандда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Танлов ташкилотчилари, вилоятдаги ижодий ташкилотлар вакиллари, шоир-ёзувчилар, журналистлар, рассом ва тасвирий санъат усталари иштирок этган тадбирда юртимизда адабиёт, маданият ва санъат ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ижод аҳли ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг яқинда ижодкор зиёлилар билан учрашувда билдирган фикрлари, ғоя ва ташаббуслари асосида мамлакатимиздаги ижодий ташкилотлар, маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди.

Ҳар йили анъанавий ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ҳам Ватан, истиқлол, тинчлик ва дўстлик мадҳ этилган ижодий асарларни кенг тарғиб этиш ва унинг муаллифларини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида бу йилги танлов “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Н.Турдибоев. – Иштирокчилар танловда тўрт йўналиш бўйича уч юздан зиёд ижодий ишлари билан қатнашди. Улар орасида профессионал ижодкорлар билан бирга, ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этгани эътиборли бўлди.

Танлов якунига кўра, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинациясида шоир Ёрмамат Рустамов, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари бўйича “Зарафшон” газетаси мухбири Убайдулла Сирожев, телевидение ва радио ижодкорларининг энг сара материаллари йўналишида вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Тўхтатош Мамадалиева ҳамда “Самарқанд СТВ” телеканали мухбири Азиза Наврўзова, тасвирий санъат, фото ва дизайн номинациясида Самарқанд санъат коллежи ўқувчиси Сабина Болтаева ғолибликни қўлга киритди.

Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 505






Все о погоде - Pogoda.uz