Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.01.2018 12:05 Чоп этиш версияси

Ватан ичра мўъжаз Ватан


Самимият самимийликка чорлайди

Shukrullo.jpgДарвоқе, шундай. Самимий айтилган сўз, хайрли амал одамни нафақат тўлқинлантиради, балки унинг қалбида шижоатни, жасоратни, эртанги кунга умидни оловлантиради. Бу ҳаётда ўз исботини топган гап. Албатта, ўтган кунни сўкиш марднинг иши эмас. Лекин ҳаётда бўлаётган ўзгаришларни тан олмаслик ҳам виждондан эмас. Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишларини қолдирмай кузатиб бораётирман. Айниқса, ижод аҳлига, ёзувчиларга кўрсатаётган эътиборини кўриб, бошим осмонга етди.

Шу йилнинг 3 августида зиёлилар билан бўлган учрашувда Президент шундай куйиниб гапирдики, у кишининг қиёфасида мен ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар бир халқ фарзандининг сиймосини кўрдим. Пойтахтда Адиблар хиёбонининг барпо этилаётгани ва у ерда адабиётимизнинг буюк намоёндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилиши режалаштирилаётгани, Фарғона, Қашқадарё, Андижонда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Наманганда Ибрат домла, Нукусда Ибройим Юсуповлар хотиралари абадийлаштирилганлиги, ёзувчиларга имтиёзли квартиралар, юртимизнинг энг сўлим масканлари - Паркент ва Зоминда ижод уйларининг қурилишига киришиш айнан шу учрашувдан сўнг бошланди. Мен ишонаманки, яқин кунларда халқимизга туҳфа этиладиган ўша муҳташам хиёбонда Фитрат, Чўлпоп, Қодирий, Усмон Носир, Беҳбудий каби миллатимизнинг ҳақиқий мард ва фидоий фарзандлари хотиралари ҳам абадийлаштирилади.

Адабиёт яшаса, миллат яшайди, деган эди Чўлпон. Бугун адабиётга кўрсатилаётган эътиборга мен миллатнинг қадрини улуғлашга чоғланиш, деб қарайман. Биз кўп маҳаллар жамиятимиздаги камчиликларни очиқчасига ҳаспўшлаб келдик. Баъзан бахона қидирдик, гоҳида эса “бу ҳал килиб бўлмайдиган масала” дея кескин рад этдик. Аслида эса ўша қўл силталган муаммоларнинг кўпчилиги миллий аҳамиятга дохил эди.

Президент шу йилнинг 13 сентябрида китоб махсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб килиш бўйича қарор қабул қилди. Бу муаммо ҳам узоқ йиллар судралиб "ҳал қилиб бўлмас" масалага айланганди. Бечора ёзувчи қўлёзмасини қўлтиқлаб нашриётма нашриёт югириб сочи оқарарди. Ёки “Илхом”фондини олинг. Буям ижодкорларга бир қанот бўлди.

Мен 80-йилларда газеталардан бирига берган суҳбатимда "инсон шахсиятига меҳр бериш керак" деган эканман. Ҳақикатан ҳам одамларга меҳр-муҳаббатли бўлиш, уларнинг дарду ўйи билан яшаш диёнатли, виждони пок одамнинг иши. Ўзингиз бир ўйланг, қайси замонда давлат раҳбари одамлар соғлиги, тинчлигу хотиржамлигини ўйлаб устма-уст йиғилиш ўтказган, куйиб-пишган. Элнинг дарду ғамига бунчалар яқин бўлган. Турмаларда азоб чекиб ётган уч мингга якин мазлумни афв этиш учун одамнинг юраги, қалби қанақа бўлиши керак... . Буни мард одамларгина тан олади.

Президент иш бошлаган кунидан адолатни тиклаш ҳақида тинмай гапирмоқда. Энг маъқул томони гапининг устидан чиқмокда. Одамларнинг ичига кириб, уларнинг дарду ғамига, хуррамчилигига шерик бўлмокда. Сўз билан амал бир жойдан чиқмоқда. Ҳаётдаги бугунги ўзгаришлар, халқчил ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беради. Мен бунга ишонаман.


Шукрулло,
Ўзбекистон халқ шоири.
2.jpg




Бугунги ҳар кунимиз қалбимизни ҳаприқтиради

Iqbol Mirzo.jpg
Ҳали болалигимдаёқ шеъриятга меҳрим тушган. Шоир бўлиш орзусида юрган у маҳаллар ижодкорнинг асл масъулияти ҳақида ўйлаб кўрмаганман, эҳтимол. Орадан кўп яхши кунлар ўтди, кўнгил тўлмаган ишлар ҳам ортда қолди, орзулар ушалди. Фурсат оралаб чопиб, гўзал кунларга етиб келдик... 

Бугунги ҳар кунимиз қалбимизни ҳаприқтиради. Тўлиб-тошиб яшаяпмиз. Ўзбекистоннинг, халқимизнинг толеи баланд эканки, ҳар ёнда ободлик. Куни кеча Президентимиз яна бир бор ижодкорлар билан учрашиб, қалам аҳлига алоҳида меҳр билдиргани бизни ғоят тўлқинлантириб юборди. Хаёлим яна мозийга қайтди. 

...Шавкат Мирзиёев кўп китоб ўқиган, асл китобхон. Шу боис адабиётни севади, ижодкорларни ҳурмат қилади, қадрлайди. Дастлаб ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ташкил этилиши тимсолида бу меҳрни ҳис қилганмиз. Бундан 20 йил муқаддам Президентимиз Жиззах вилояти ҳокими бўлиб ишлаган кезларда амалга оширилган ташаббус эди бу. Бугун Зоминнинг “Ўриклисой” дараси кўп истеъдодли ёзувчи-шоирларнинг ижод маҳсули, шеър жаранги билан тўлиб-тошган. 

Кейинчалик Бош вазир бўлган пайтларида ҳам ижодкорлар ҳақида кўп қайғурди. Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Эркин Воҳидов (руҳи шод бўлсин) бетоб бўлиб ётганида Шавкат Мирзиёев ҳол сўраб борган, шоирнинг кўнглини кўтарадиган яхши гаплар айтган. Эркин аканинг соғлиғини шахсан ўзлари назорат қилиб турган. Ижодкорга бўлган ғоят таҳсинли эътибор эди бу. 

Айтиш керак, орада адабиётга бўлган эътибор бироз сусайган вақтлар ҳам бўлди. Ҳатто, адабиёт кимга керак, деган ботиний саволлар берила бошланди. Қандай қайғули буни эслаш. Адабиёт ўлса, халқ нима бўлади? Бас қилдим. У кунларни ҳозир эсламайлик, мавриди эмас. 

Куни кечага қайтайлик. Давлатимиз раҳбари Адиблар хиёбонида биз билан дилдан суҳбатлашди. Айтдиларки, бизнинг кўп буюк адабиётимиз бор. Дунё аҳли маънавиятини бойитган боболаримиз руҳидан куч оламиз. Тоабад уларнинг қони вужудимизда оқар экан, ҳали биз гўзал ижод қиламиз, китоблар чоп этамиз. 

Адабиёт мактаблари ҳақида гапирди. Фарғонада Эркин Воҳидов, Андижонда Муҳаммад Юсуф, Қашқадарёда Абдулла Орипов, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов номидаги мактаб-интернатлар ёш адабиёт ихлосмандлари учун катта имконият. Президентимиз бу мактабларга устоз ижодкорларимиз бориб, ёшларга дарс бериш, адабий суҳбатлар уюштириш таклифини билдирди. Ҳар бир мактабга адабий нашрлар етиб бориши керак, деди жонкуярлик билан. 

Мана, уюшмамизга замонавий бино совға қилинмоқда. Бу бизнинг Ватан ичра мўъжаз Ватанимиздир. Шу пайтгача Ёзувчилар уюшмаси ўз биносига эга эмасди. Ижарада турарди, кўп биноларга кўчдик, сарсон бўлдик. Ниҳоят биз истагимиз рўёбини кўраяпмиз. 

Бино ичида кутубхона, музей ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу ерни энг зўр асарлар билан бойитиш, жаҳон адабиёти, қардош халқлар дурдона асарларини жойлаштиришга эътибор қаратди. Кутубхона ва музей бизнинг фахримизга айланиши, юртимизга келган меҳмонларни бу ерга олиб келсак, улар ҳам қувона оладиган даражада бўлиши керак, деди Шавкат Миромонович. 

Давлатимиз раҳбарининг адабиёт – юксак маънавият, ҳаёт-мамот масаласи, шу маънода 25-30 йиллик даврда биз вақтни бой бериб қўйдик. Энди шу хатоларни тўғрилашимиз керак, деган ғоят долзарб фикрлари бизни янгича руҳда ижод қилишга ундамоқда. 

Иқбол Мирзо,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари,
Ўзбекистон халқ шоири.


ЎзА
5 315