Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2018 13:39 Чоп этиш версияси

Узумчилик янада ривожланади

Президентимиз жорий йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида Хатирчи туманида узумчиликни ривожлантириш, ҳудудни янада ободонлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети, Фанлар академияси, Навоий вилояти ва Хатирчи тумани ҳокимликлари ҳамкорлигида “Узумчилик соҳасини ривожлантириш, мева ва сабзавотларни инновацион қуритиш мини-технологияси” мавзусида ўтказилган илмий-амалий семинарда давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Узумчиликка илғор агротехник тадбирларни жорий этиш, фермерлар ва томорқа ер эгаларининг тажрибасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Узум етиштириш, токзорларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, етиштирилган ҳосилни сақлаш ва қайта ишлаш, қуритиш бўйича тақдимотлар намойиш этилди.

Айни пайтда туманда токзорларни кенгайтириш, ҳосилдорликни ошириш бўйича бир қатор тадбирлар белгиланган. Жорий йилда янги токзорлар ташкил этиш бўйича тўртта лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, “Asya Sera Navoi” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси чўл ҳудудида жойлашган Учқара маҳалласида 140 гектар, “Соф табиий узумзор” масъулияти чекланган жамияти агрофирмаси Кўксарой маҳалласида 25 гектар, шунингдек, “Farrux Uzumzor” фермер хўжалиги Олтинобод маҳалласида 10 гектар, тадбиркор Абдували Усмонов томонидан Уйшун маҳалласида 6 гектар майдонга маҳаллий иқлимга мос, серҳосил ток кўчатлари ўтқазилади.

Тадбиркорлар умумий қиймати 2 миллиард 300 миллион сўмлик мазкур лойиҳани жорий йил охирига қадар амалга оширишни мақсад қилган. Бунинг учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Асакабанк” ва “Агробанк” туман филиаллари билан имтиёзли кредит олиш хусусида шартномалар тузилган.

Лойиҳалар тўлиқ амалга оширилгач, йилига 1 миллиард 600 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот олинади. Муҳими, юз киши иш билан таъминланади.

– Тасарруфимизда 450 гектар ёнғоқзор ҳам мавжуд, – дейди “Asya Sera Navoi” қўшма корхонаси раҳбари А.Нурмаматов. – 10 гектар майдонда иссиқхона ташкил этганмиз. У ерда банан, қулупнай, бодринг, помидор етиштирилади. Яқин келажакда токзорнинг бир қисмига интенсив узум кўчатлари ўтқазмоқчимиз. Келгусида мева-сабзавот маҳсулотлари ҳосилдорлигини ва экспорт ҳажмини ошириш режалаштирилган.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
5 279