ЎзА Ўзбек

01.08.2018 18:52 Чоп этиш версияси

Ғузор туманидаги секторлар раҳбарлари нима учун ишдан олинди?

Ғузор туманидаги секторлар раҳбарлари нима учун ишдан олинди?
Туман кўп жиҳатлар бўйича республикада ортда қолди... 

Ғўза парваришида муҳим палла ҳисобланган шу кунларда агротехник тадбирлар – далага минерал ва маҳаллий ўғит солиш, вақтида суғориш, тагига ишлов бериш ишларини тўғри ташкил этиш ҳосил мўл бўлишини таъминлайди.

Қашқадарёлик миришкорлар ҳам жорий йилда 139 минг 800 гектар майдонда ғўза парваришламоқда. Чилпиш ишлари тўлиқ якунланди. 106 минг 18 гектар майдонда иккинчи, 8 минг 602 гектар ерда учинчи суғориш ишлари амалга оширилган.

Аммо бу йилги табиат инжиқликлари ва об-ҳавонинг ноқулай келиши айрим туманларда чигит экиш ишлари ва ниҳол парваришини сифатли олиб боришга жиддий тўсқинлик қилди. Натижада ўша ҳудудларда ғўза ривожи орқада қолмоқда.

Президентимиз раислигида 2018 йил 31 июль куни ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишлар жиддий танқид қилинди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигидаги ишларни бажаришда камчиликларга йўл қўйгани учун Зарбдор, Ғузор, Бағдод ва Уйчи туманлари тўртала сектор раҳбарларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берилди. 

Хўш, Ғузор туманидаги секторлар раҳбарлари нима учун ишдан олинди? Умуман, қишлоқ хўжалигида қандай камчиликларга йўл қўйилган? Шу саволларга жавоб олиш мақсадида Ғузор туманида бўлдик.

Туманда 6 минг 500 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Лекин ҳудудга бириктирилган сектор раҳбарлари ва сув хўжалиги ходимлари сувни адолатли тақсимлаш билан етарлича шуғулланмаган. Сувдан мақсадли фойдаланилмагани, етарлича сувчи жалб қилинмагани, тунги суғориш ишлари ташкил этилмагани оқибатида кўпгина фермер хўжаликлари далаларидаги ғўза чанқатиб қўйилган. Ҳатто, айрим пахта майдонлари умуман суғорилмаган.

– Сув бўлмаса, ҳаёт бўлмайди, деганларидек, бу йил деҳқонлар учун мураккаб келди, – дейди Ғузор туманидаги “Тўра бобо” фермер хўжалиги раҳбари Нодирбек Тўраев. – Масалан, хўжалигимиздаги 80 гектар ернинг 40 гектарига чигит экилган эди. Сув йўқлиги сабаб бор-йўғи 15 гектар майдондаги ғўза асраб қолинди. Қолгани қуриб кетди. Асраб қолган пахтамиз ҳам бир мартагина сув ичишга улгурди. Иккинчи сув берсак, ҳар тугул ҳосилга умид қиламиз. Агар шуни ҳам ичмаса, умидларимиз пучга чиқади. Такрорий экин экишни эса, ҳали хаёлимизга ҳам келтирганимиз йўқ.

Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экишни якунлаш, шартнома тузиш ва бўнак маблағларини бериш ишлари ҳам кўнгилдагидек ташкил этилмаган. Маълумотларга кўра, жорий йилда туманда жами 100 гектар майдонда дуккакли экин экиш режалаштирилган. Аммо эътиборсизлик туфайли бу борадаги ишлар ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ў.Баротов, ЎзА
7 614