Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2017 12:43 Чоп этиш версияси

Уюшмаган ёшлар доимий эътиборда

Наманган вилоятининг Чуст туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан “Ёшлар бандлигини таъминлаш – муҳим вазифа” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, тадбиркорлар, иш билан банд бўлмаган уюшмаган ёшлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, бу жараёнга давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, иқтисодий ва ижтимоий соҳалар билан бир қаторда, жамиятнинг барча демократик институтларини кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш энг муҳим вазифалар қаторида алоҳида белгиланган, – дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов. – Бинобарин, бугун ҳар қандай сиёсий партиянинг асосий вазифаси Ватанимиз, жамиятимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишдир. Ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида Президентимизнинг доимий эътиборида турган бандлик дастури ижроси партиямиз ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалар асосини ташкил қилади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бунда алоҳида аҳамиятга эга.

Тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси, ҳудудлардаги ишга жойлашишга муҳтож фуқаролар, айниқса, банд бўлмаган ёшлар ва имконияти чекланган шахсларни иқтисодиёт ҳамда меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш масалалари муҳокама этилди. Вилоятда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркорлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишида бизнесни ташкил этиш ва юритиш бўйича тажрибалари асосида ёшларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

Тадбир доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 35 корхона ва ташкилот 180 га яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди. Иш сўраб мурожаат қилган 100 дан зиёд ёшларнинг аксариятига ишга йўлланма берилди. Жумладан, “Stiyltex”, “Технолог”, “БТ-2001”, “Чуст Ўктамжон сервис”, “Бинокор”, “Chust faer stop montage” масъулияти чекланган жамиятлари, “Акбар Азизий металл сервис”, “Адҳамжон-Ғанижон савдо инвест” хусусий корхоналари каби ўнлаб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 60 га яқин уюшмаган ёшлар бандлиги таъминланди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
6 263






Все о погоде - Pogoda.uz