ЎзА Ўзбек

04.03.2018 22:24 Чоп этиш версияси

Уйимизнинг фаришталари (Кўнгил кечинмалари)

Уйимизнинг фаришталари (Кўнгил кечинмалари)
ҲИКОЯТ

Бир куни ота ўғлидан: «Ким кучли ўғлим, сенми, менми?» деб сўрабди. «Мен кучлиман-да, ота, сиз кексасиз, мен ёшман», деб жавоб берибди ўғил.

Жавобдан қониқмаган ота яна сўрабди: «Нима учун сен кучлисан?». Ўғил: «Ахир, мен ўқиганман, ишлаяпман. Истаган юмушимни қилишга имкониятим ҳам, куч-қувватим ҳам етарли. Шунинг учун кучлиман-да», деб жавоб қилибди. Бу сўзлардан ранжиган ота ўғлининг ёнидан узоқлашибди ва эшик остонасига етганда ортига қайрилиб яна сўрабди:

«Ўғлим, сўнгги бор сўрайман: ким кучли? Сенми, менми?», «Энди мен кучсизман, Сиз кучлисиз, ота» дебди ўғил. Ота унинг жавобидан ажабланиб, сабабини сўрабди: «Нега икки марта сўраганимда мен кучлиман дединг, учинчи бор сўрасам кучсизман, деяпсан, ўғлим». Шунда ўғил: «Икки бор сўраганингизда Сиз ёнимда эдингиз, энди мендан узоқроқдасиз, шунинг учун кучсизман, ота», деган экан.

ҲИКОЯТ ЗАМИРИДАГИ ҲАҚИҚАТ

Отам яқинда қишлоқдан келди. Ўзим ишдан, турмуш ташвишларидан ортиб, йўқлаб бормаганимга ҳам анча вақт бўлганди. Невараларини, мени кўргиси келганиданми ўзи келибди. Жуда соғинган. Ота-бола ўтган дамлар, бугун, келажак, тақдирлар, воқеалар ҳақида узоқ гурунглашдик. Шу пайтгача бирига қулоқ солиб, бирига амал қилмаган насиҳатлар яна айтилди. Муаззам тунни тонгга уладик.

Тинчликка, Яратганнинг бераётган неъматларига бот-бот шукрона айтди отам. Оддий одамлар ҳаёт ҳақиқатларини яхши англайдилар. Уларнинг гап-сўзларидаги самимийликни илғаб олиш учун жуда ақлли бўлиш шарт эмас. Кексаларга берилаётган эътибордан, шаҳарга тенг қиёфа касб этаётган қишлоқлардан, одамлар турмушидаги фаровонликдан гапирди.

Руҳим тетик, ишга кетар чоғ дуосини олдим. Ёнимда, хонадонимда табаррук инсон — отам мени дуо қилиб турганини юрак-юракдан ҳис қилдим. Ота-онамнинг борига, ёнимда эканига шукрона айтдим. Юқоридаги ҳикоятда айтилганидек, отаси ёнида бўлган фарзандлар қоқилмайди. Боиси унга доим таянч, суянч бўладиган мададкори бор. Бундай одам тушкунликка тушмайди, чунки ёнида ғамини аритадиган ва ҳамиша хонадонининг фариштаси бўлган отаси бор.

ХОТИРА

…Кеч тушди дегунча, ака-ука кўчага чиқиб отамнинг йўлини пойлардик. Ўтган-кетганни кузатиб, оёқ товушларига қулоқ тутардик. Кўчада бирор зот қолмаса ҳам кўзларимиз йўлда бўларди.

Ит, мушуклар девор оша чопарди. Сойда қурбақаларнинг «ашуласи» авжга чиқарди. Вақт ўтар, кўзларни уйқу босарди. Ака-укалар совуқдан жунжикиб, бир-биримизга қунушиб ўтирардик.

Кута-кута тинкамиз қуриган бир пайт тун пардаси очилиб отам пайдо бўларди. Келишган, ҳайбатли, забардаст.

— Ие-ие, менинг боботойларим-ку! Бу ерда нима қиляпсизлар?.. Баракалла, баракалла, полвон ўғилларим. Қани юринглар-чи! — дерди ўктам овозда, пешонасидаги терларини артиб.
Ҳаммамиз қувнаб кетардик. Айниқса, укам унинг бўйнига осилиб оларди.
Отам бизни меҳр билан эркаларди.
Мана, ўттиз йилдан ошибди шунгаям.
Буларни ўйлаб кўнглим ёришди. Ишга қандай етиб келганимни ҳам билмай қолибман.

ЎГИТ ТИНГЛАШ ЗАВҚИДАН БЕГОНАЛАР

Тўғри, юртимизда кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Халқимизнинг азалий фазилатлари, қон-қонимизга сингиб кетган эзгу тушунчалар турмушимизни безаб турибди. Шу боис маҳалламизда, қишлоғимизда, ўлкамизда ҳеч бир инсон меҳрдан, кўмакдан четда эмас. Бошига ташвиш тушган, ёрдамга муҳтож киши борки, эътиборсиз қолмайди. Қўлимиздан келган, имкониятимиз даражасида холис ёрдамимизни берамиз. Бу бизга азалдан сингдирилган ҳаётий аъмол, бурчдир.

Отахон.jpg

Бироқ биз кўз юмолмайдиган иллатлар ҳам йўқ эмас. Нотўғри қарашлар оқибатида кекса онасини ёки отасини ташлаб кетаётган беоқибат фарзандлар ҳам бор. Шукрки, қарияларимиз Мурувват уйларида давлатимиз ҳомийлигида бекаму кўст, жамиятнинг тўлақонли аъзоси даражасида яшамоқда. Уларга берилаётган эътибор бир фарзанднинг ота-онасига кўрсатадиган ёрдамидан асло кам эмас. Уларга фақат бир нарса керак — ДИЙДОР.

Яна шундай оилалар ҳам учрайди: кексаси бору, аммо уларнинг қадри йўқ. Бундай хонадонларда ўғилнинг ўзи тугул фарзандлари ҳам кекса ота-онанинг дуосини олиш, ўгитларини тинглаш лаззатидан бегона. Тақдирнинг бешафқат ҳукми эса шундай: «Кун келиб экканингни ўрасан!».
Оқибатсиз фарзандлар шуни унутмаса бас.

СЎНГГИ СЎЗ

Оталар ўзларини ҳам ҳеч ўйлайдими?.. Ё фақат фарзандларними?
Кеча укам қишлоқдан телефон қилиб қолди. «Отамнинг мазаси йўқ, дўхтирга бир кўрсатинг, анча вақтдан бери ётганди. Энди оёққа турганда Сизнинг олдингизга борди, даволаниб қайтса яхши бўларди», деди.

Отам бу гапни нега менга айтмаганидан гина қилдим. Кўнглим алланечук бўлиб кетди. Ишдан қайтиб отамга: «Бугун шифохонага олиб бораман, Сизни яхшилаб даволатаман», дедим. «Йўқ, мен яхшиман. Худонинг ишига аралашма, ўғлим», деди у қатъий оҳангда. «Мени қаратгандан кўра, топганларингни ўзларинга сарф қилинглар. Невараларимни едириб-ичиринглар. Яхши тарбия қилинглар. Сизлар тинч-тотув, иноқ яшасанглар шу менинг саломатлигим», деди.

Ўзимнинг беэътиборлигимдан ўкиндим, отам учун қайғурмаганимга, вақтида ҳол-аҳвол сўрамаганимга ўкиндим.

«Эртага қишлоққа қайтаман, мол-ҳол нима бўлди. Экинларни экишимиз керак. Уканг ҳам ишда», деди отам.

Оталар ҳеч ўзларини ўйламас экан. Фарзандим кийсин, фарзандим есин, фарзандим элга қўшилсин, деб умрини меҳнатда ўтказар экан.

Кексаларимиз борми, демак, уйимизда фаришталар бор. Уларнинг дуоси билан фарзандлар комил инсон бўлиб улғаяверади, уларнинг дуоси билан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Кексаларни эъзозлайлик.

Аслиддин Суюнов, ЎзА
13 175