Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 12:40 Чоп этиш версияси

Қувалик боғбон ўз томорқасида маҳаллий иқлимга мос араб хурмосини ўстирди

Наврўз айёми арафасида табиат уйғониб, инсонларни ҳам янгиланишга, яшнатишга ундайди. Юртни обод, кўнгилларни шод этишга чорлайди.

Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, яшариш, ободлик, қут-барака ва фаровонлик рамзи бўлган Наврўз айёми арафасида маҳаллаларда, шаҳару қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилмоқда.

Кўчат экиб, боғ яратиш, гулзорлар барпо этиш, хонадону ҳовлини тоза-озода тутиш халқимизга хос азалий фазилат. Зеро, тинч-осойишта юртда, саранжом-саришта маҳаллаю хонадонда файз-барака бўлади.

Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам байрам олдидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқаролар йиғинлари идоралари атрофидаги бўш ерлар, ташкилот ва корхоналар, таълим масканлари, намунавий лойиҳа асосида барпо этилган янги турар-жой массивлари атрофига гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғлар барпо этилаётгани замирида ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам.

Мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар турини кўпайтириш, маҳаллий иқлим шароитига мос экинлар ҳосилдорлигини ошириш борасида Қува туманида ўзига хос мактаб яратилган. Бу томорқадан унумли фойдаланиш ва уни даромад манбаига айлантириш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

– Бугун қай бир маҳаллага борманг, баҳорги юмушлар устидан чиқасиз, – дейди “Маҳалла” хайрия жамат фонди туман бўлими раиси Азимжон Йўлдошев. – Тумандаги 65 маҳалла фуқаролар йиғинида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ва Наврўз айёми олдидан ҳашарлар ўтказилмоқда. Кўчат экиш ободликнинг муҳим белгиларидан бири. Юртдошларимиз бугун яхши ният билан ана шу эзгу ишларни амалга оширмоқда. Хонадонини, томорқасини саранжом-саришта қилмоқда. Бундай ҳаётбахш одатларимиз замирида халқимизга хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат каби олижаноб қадриятлар мужассам.

Туманнинг Боистон маҳалласида яшовчи Иномжон Буваназаров томорқасидаги 10 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мевалар парваришини йўлга қўйган. Айни пайтда миришкор боғбон банан етиштириш борасидаги тажрибаларини бойитмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир хонадон томорқасига ёнғоқ, лимон экиш ва шу орқали ҳар бир оила ўз тадбиркорлиги, даромад манбаига эга бўлиши кераклиги хусусидаги эзгу ташаббуси юртдошларимиз қатори мени ҳам руҳлантириб юборди, – дейди Иномжон ака. – Имкониятимни чамалаб, шахсий томорқа эгаларига йилига 5-10 минг туп цитрус мева кўчати етказиб беришим мумкинлигини аниқладим. Бу эҳтиёжни тўла қоплаш учун деҳқончилик хўжалигини ташкил этмоқдаман. Хўжалик помидор, бодринг, булғор қалампири, аччиқ қалампир каби сабзавот экинлари, цитрус мевалар кўчатини етказиб бериш билан шуғулланади.

Катта ҳаётий тажрибага эга Иномжон Буваназаров уч фарзандини ёнига олиб, ўз хонадонидаги мўъжазгина тажриба боғида араб хурмосини маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича дастлабки ижобий натижаларга эришди. Шу кунларда ёнғоқ навларини пайвандлаш усули орқали кўпайтириш устида тажриба ишларини олиб бормоқда.

“Боистон” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 400 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Кўчат етиштириш, боғдорчилик борасида катта тажрибага эга маҳаллада шу кунларда баҳорги ишлар авж олган. Бундай эзгу ишлар юртимизни янада обод этиш, боғ-роғу чаманзорларга буркаш каби олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 456






Все о погоде - Pogoda.uz