Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 17:21 Чоп этиш версияси

Устувор вазифалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор шаклида ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари аъзолари, ННТ ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш ва давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаётганини таъкидлади.

Йиғилишда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг 2016 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа ва дастурлар ҳақида маълумот берилди. Парламент ҳузуридаги жамоат фонди ҳар йили фуқаролик жамияти институтларининг 250 дан ортиқ лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашмоқда. Хусусан, 2016 йилда Парламент комиссиясининг қарорлари асосида 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар шаклида ажратилди. Бу маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳа ва дастурларини молиялаштиришга йўналтирилди.

Жорий йилда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга давлат бюджетидан давлат грантлари, ижтимоий буюртма ва субсидиялари шаклида 12 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Йиғилишда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга оширишда ННТлар, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича бажариладиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Жамоат фонди томонидан амалга ошириладиган дастурларда асосий эътибор болалар, ёшлар, аёллар ва имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ, эркинликлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Жорий йилда Имом Бухорий мемориал мажмуасини қайта тиклаш бўйича бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, ёшларни маънавий-тарихий қадриятлар руҳида тарбиялаш ва шу йўналишдаги бошқа долзарб масалаларга қаратилган рисолалар, буклетлар тайёрлаш ва чоп этиш режалаштирилмоқда. “Имом Бухорий ҳаёти фаолияти ва бугунги кун” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш, ўзбек, инглиз ва рус тилларида “Имом Бухорий ҳаёти ва унинг маънавий мероси” китоб-альбомини чоп этиш кўзда тутилган.

Гўзал Сатторова, ЎзА
832






Все о погоде - Pogoda.uz