Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.04.2018 11:31 Чоп этиш версияси

Уруш, номинг ўчсин дунёдан

Уруш, номинг ўчсин дунёдан Бу йил 93 ёшни қарши олаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Миджаҳид Ходиев Россия Федерациясининг Самара вилоятида туғилган. Беш ёшида уларнинг оиласи Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманига кўчиб келган. Миджаҳид шу ерда ўсиб, улғайди. Мактабни тугатгач, ҳарбий хизматга чақирилди. Снайперлар тайёрлайдиган икки ойлик курсда ўқиб, жанговар қуролни ишлатиш сирларини пухта ўзлаштирди.

– Ўшанда 17 ёшда эдим, – дея эслайди Миджаҳид бобо. – 1944 йил февраль ойида бизни урушга жўнатишди. Венгрияга бордик. Ўша йилларни ёдга олсам, Ватанга меҳр, ёвга нафрат туйғуси бизга куч-қувват берган, дейман. Ер юзини нияти бузуқ газандалардан тозалашга ундаган. Урушнинг номи ўчсин. У кўплаб яхши инсонлар, дўстларимнинг ёстиғини қуритди. Шаҳару қишлоқларни вайрон қилди. Ўзим ногирон бўлиб қолдим.

2.jpg 

...Урушнинг сўнгги ойлари. Қуролдош дўсти билан 20 га яқин душманни ер тишлатди. Сўнгги душманнинг ўқи кутилмаганда Миджаҳиднинг чап оёғини яралади. Оғир экан, ҳарбий госпиталга тушди. Бир оёғидан ажралган жангчи кўкрагида орден, медаллар билан Қумқўрғонга қайтди.

Ўша йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, I гуруҳ ногирони Миджаҳид Ходиев Душанбе педагогика институтига ҳужжат топшириб, талаба бўлди. Ўз олдига ёш авлод камолоти йўлида хизмат қилишни, ҳаётини уларнинг бахту камолига бағишлашни мақсад қилган Миджаҳид урушдан кейинги тикланиш ва очарчилик йилларида институтни муваффақиятли тугатди. Бир олам орзулар билан яна Қумқўрғонга қайтди. Қирқ йил тумандаги 10-умумтаълим мактабида меҳнат қилиб, навқирон авлодга география фанидан сабоқ берди. Оила қуриб, икки ўғил, икки қизни тарбиялади. Йигирма олти йилдирки, Термиз шаҳрида фаровон турмуш кечирмоқда. 13 набира, 27 чевара ва тўрт эваранинг суюкли бобоси.

– Бобом урушда эл-юрт тинчлиги учун курашган, – дейди набираси Рафаэл Аҳмеджонов. – Бизга бу ҳақда кўп гапириб берадилар. Болаликда бошидан ўтказган оғир кунларни тез-тез хотирлаб туради. Ўзларининг қимматли маслаҳатлари, ўгитлари билан ёшларни тўғри яшашга ундайди. Ҳар тонг “биз кўрган оғир кунларни, урушни илоҳим сизлар кўрманглар”, деган дуони канда қилмайди. Бобомнинг жасорати, юртга садоқати ва меҳрига ҳавас қиламан. 

6 (1).jpg

Мамлакатимизда кекса авлод вакиллари, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар уларнинг ёшига ёш қўшмоқда. Мустақиллик йиллари Миджаҳид Ходиев уруш ва ундан кейинги йиллардаги хизматлари учун “Жасорат” медали билан тақдирланди.

– Бундай эътибордан ҳар йили ўзимни ёшаргандек ҳис этаман, – дейди отахон. – Ҳарбийлар, ёшлар, маҳалладан келиб, ҳол-аҳвол сўраб туришади. Байрамлар арафасида йўқлаб, совға-саломлар улашади. Давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармони, Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш бўйича қарорини телевизорда эшитиб, бошим осмонга етгандек бўлди. Бу йил ҳам байрам шукуҳидан баҳра олиш насиб этганидан шукр қилиб яшаяпман.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
5 856