ЎзА Ўзбек

02.08.2018 16:13 Чоп этиш версияси

Ғурур тикланиши керак

Ғурур тикланиши керак

Бунда эса адабиётнинг ўрни беқиёс

004.JPG

Шодмонқул Салом,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

Инсоният ўтмишидан бир ҳақиқат маълум: қайси жамиятда МАЪНАВИЯТ қадр топса, ўша жамият тарих тоқида жавзо осмонидаги Олтин қозиқдек баралла порлаб туради. Ушбу салтанатни миллати, ирқи, эътиқод йўсинидан қатъи назар, башарият илиқ меҳр билан эслайди. Чунки маънавиятнинг негизи бўлган дин, адабиёт, санъат, илм-фан равнақ топган даврлар ҳамиша мозийнинг олтин кўприги бўлган, бобомерос инсоний тафаккурни асраб, авлодларга етказган. Ваҳоланки, Олтин қозиқ атрофида минг-минглаб хира ва совуқ тошлар ҳам мавжуд-ку...

2017 йилнинг 3 август санасида Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан қилган мулоқоти мамлакатимиз маънавий иқлимида катта ҳодиса бўлди. Бу учрашувда мамлакат раҳбарининг адабиёт, санъат соҳаларидаги ҳар бир ўзгаришга, ютуқ ва камчиликларга билдирган одилона муносабати, таклиф ва тавсиялари, бир сўз билан айтганда, маданият тизимини замон билан ҳамқадам бўлишга қилган чақириғи – чин маънода маънавий ислоҳотнинг дебочасидир. Ушбу соҳаларда бўлаётган ўзгаришларни эса барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун барпо этилган янги бинодан бошлаб китоблар нашри, сифати, муаллифларнинг рағбатлантирилиши, ижодий ташкилот ва уюшмалар, газета-журналларнинг ҳомий ташкилотлар билан йўлга қўйган ҳамкорлиги, ижодкорлар учун имтиёзли кредит асосида уйлар қурилиши, бу ишларнинг ҳуқуқий асосини таъминловчи қарорлар қабул қилинишигача бўлган, ижод аҳли учун илгари сира кузатилмаган катта жараёндан ҳеч бир зиёли бехабар эмас.

Алишер Навоийдек шоирни берган халқнинг адиблари қатағоннинг мудҳиш замонини ҳам, тузум исканжасида, ғоябозлик босими остида қалам сурган, кейинчалик адабиёт ўладими, деган савол қалқиб чиққан ташвишли даврларни ҳам бошдан кечирганлар. Шу каби хотиротлар уйғонганда бугунги кунда адабиётга бўлаётган ҳақиқий эътиборнинг нафасини туяр экансиз, беихтиёр шукрона айтасиз.

Шу ўринда тарихий учрашувда Президентимизнинг ўртага ташлаган саволлари, мулоҳазалари ёдга келади: “Дейлик, 15-20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечади, бугун биз яшаётган Интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт ва санъат, маданиятимизнинг ўрни ва таъсирини нафақат сақлаб қолиш, балки қандай қилиб уни кучайтириш мумкин, деган тўғри ва одилона саволлар барчамизни, биринчи навбатда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириши зарур эмасми?”

“Неча йиллардан бери масала қўямиз – замонавий қаҳрамон образини яратайлик, деб. Лекин бирорта жиддий натижага эриша олдикми?

Албатта, бу борада қандайдир интилиш ва ҳаракатлар кўзга ташланаётганини, бадиий ва публицистик асарлар, пьеса ва киноленталар пайдо бўлаётганини инкор этиб бўлмайди. Аммо уларнинг кўпчилиги юракдан чиқмаган, зўрма-зўраки уринишлар бўлиб, ҳали маданий ҳаётимизда воқеа бўладиган етук ва мукаммал асарлар яратилгани йўқ, десак, бу ҳам ҳақиқат бўлади.”

Бу сўзларга жавоб топиш, аввало, адибларимиз учун муҳимдир. Чунки адабиёт юксалса, қўшиқчилик, кино, театр санъати ривожланади, савия кўтарилади. Матбуот саҳифаларига ранг киради, телерадио дастурлари ҳаётийлик касб этади. Шу боис ҳам шоир-ёзувчилар асл вазифаси нима эканини англаши, адабиётшунослар “танқид – сараламоқ” эканини юракдан ўтказиши, маънан, виждонан уйғониши зарур. Даврнинг Қаҳҳорлари, Холмирзаевлари, Шарафиддиновлари, Ориповлари, Муҳаммад Юсуфлари майдонга чиқиши шарт! Бу – қуёшнинг чиқиши кутилганидек асл ҳаётий эҳтиёж. Келажакка ёруғ юз билан боқиш учун бу нарсалар амалга ошиши керак. Айтадиган гаплар кўп, қилиниш лозим ишлар ҳам бисёр. Адабиётпарвар даврнинг муносиб хирмонини барпо этмоқнинг вақти айнан бугундир!

Зеро, адабиёт халқнинг ғурурини юксалтиради, миллатни ўзини ҳурмат қилишдек саодатга элтади. Халқимиз эса бундай шарафга жуда-жуда муносиб.

ЎзА
6 402