Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 14:58 Чоп этиш версияси

Қурилишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида “Ёнғинга хавфсиз қурилиш материаллари хавфсизлик асосидир” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Републикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 февралдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институти, “Ўзстандарт” агентлиги, Бухоро давлат университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва қатор институтлар, ташкилот ва муассасалар масъул ходимлари, олимлар, тадқиқотчилар иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш дастури асосида замонавий, қулай ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш улушини ошириш, соҳани диверсификация қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Айниқса, бу жараёнда янги типдаги замонавий аҳоли турар жойлари, бинолар ва саноат объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишда фойдаланилаётган қурилиш материалларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш муҳим масалалардан биридир.

– Бугунги кунда мамлакатимизда олти мингдан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби илмий ходими М.Дўсчанов. – Уларда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари ҳар жиҳатдан талабга жавоб бериши зарур. Сифатли, чидамли ҳамда ёнғинга хавфсиз бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ана шундай муҳим масалаларни қамраб олган мазкур анжумандан кўзланган мақсад қурилиш материалларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида эришилаётган илмий-амалий натижалар, ёнғинга хавфсиз янги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича амалий-фундаментал ва инновацион тадқиқотларда ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Тадбирда "Олигомер антипиренларни маҳаллий хомашёлар асосида синтез қилиш ва уларнинг хоссалари", "Қурилиш материалларидан фойдаланишдаги камчилик ва муаммолар", "Олигомер антипиренлар асосида ёғоч ва полимер қурилиш материалларини ҳимоялаш", "Ёнувчан қурилиш материалларига давлат стандартлари томонидан қўйиладиган талаблар ва асосий кўрсаткичлари синови бўйича тушунчалар" каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Анжуманда ёнғинга хавфсиз қурилиш материалларининг кўргазмаси намойиш этилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 321






Все о погоде - Pogoda.uz