ЎзА Ўзбек

16.05.2018 12:01 Чоп этиш версияси

Ургутда панел ишлаб чиқариш бошланди

Ургутда панел ишлаб чиқариш бошланди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси маълумотларига кўра, бугунги кунда ҳудудда умумий қиймати 196,2 миллион долларлик 60 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Жумладан, айни пайтда 34 лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, 12 инвестиция лойиҳаси мулкдорларнинг эркин иқтисодий зона ҳудудидаги мавжуд бино ва иншоотлари негизида амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга қадар инвесторлар томонидан лойиҳаларга 53,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. 

13.JPG

Яқинда эркин иқтисодий зона ҳудудида дастлабки тўрт корхона ўз фаолиятини бошлади.

Ургут туманининг Мерганча массивидаги “SAM DRY FRUITS” масъулияти чекланган жамияти ана шу корхоналардан биридир.

Умумий қиймати 2,1 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши билан Ургутда илк бор замонавий технологиялар асосида сендвич панеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

15.JPG 

– Хитойдан келтирилган ускуналар ёрдамида ҳозирча уч хил ўлчамдаги сендвич панел ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона иш юритувчиси О.Маматов. – Маҳсулотга ҳозирданоқ талаб юқори, иқтисодий зона ҳудудида қурилаётган корхоналар томонидан буюртмалар бор. Ички эҳтиёжни қондириш билан бирга йил якунигача экспортни ҳам йўлга қўйиш кўзда тутилган. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. 

6.JPG

Айни пайтда бу ерда Хитойдан келган уч нафар мутахассис ёрдамида йигирмадан ортиқ ёш замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш жараёнларини бошқармоқда.

Эркин иқтисодий зона ҳудудида иш бошлаган “АLFA MAX ALLIANCE” масъулияти чекланган жамиятида пайпоқ ва трикотаж маҳсулотлари, “SALIM BIZNES BARAKA” корхонасида бир марталик соқол олиш устараси, “МAROKAND KABEL INVEST” корхонасида эса электр кабеллар ва замонавий LED чироқлари ишлаб чиқариш бошланди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида йил якунигача яна 10 корхонани ишга тушириш мўлжалланган.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
6 652