ЎзА Ўзбек

04.06.2018 15:54 Чоп этиш версияси

Университетда халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси ўтказилди

Университетда халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси ўтказилди
Тошкент Ахборот технологиялари университетида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Кенгаши сессияси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлаш бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Туманда жорий йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 428,6 миллиард, пудрат-қурилиш ишлари 156,8 миллиард ва чакана савдо айланмаси ҳажми 637,6 миллиард сўмга бажарилган. Бундан ташқари, 2,8 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.

Танқидий руҳда ўтган мажлисда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги секторларда ишни ташкил этиш ва аҳоли хонадонларини ўрганиш натижаси бўйича “Йўл харита”ларини шакллантиришда қатор қамчиликлар мавжуд.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ишчи гуруҳ 10 кун давомида 711 хонадон вакиллари билан мулоқот ўтказди. Мутахассислар томонидан 54 ижтимоий соҳа объекти, 63 маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти ўрганилди. Депутатлар фуқаролар билан мулоқоти давомида 318 масала кўтарилиб, 85 таси жойида ҳал этилди. Тумандаги 63 фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг 40 таси ўз биносига эга бўлиб, 20 таси бошқа ташкилотлар биносида фаолият юритмоқда, 3 таси ҳалигача бинога эга эмас.

Мутахассислар томонидан аҳолини иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда туман бандликка кўмаклашиш марказига 347 корхона томонидан 1 минг 777 бўш иш ўрни ҳақида маълумот берилган. Жорий йил ҳудудда икки маротаба бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, унда 32 нафар фуқаро, 20 нафар ёшлар ҳамда 18 нафар хотин-қизга ишга жойлашиш учун йўлланма берилган.

Сессияда Юнусобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш, дастурлар ижросини таъминлаш чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир сектор амалга оширган ишлар, шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликлар таҳлил этилиб, тегишли тавсиялар берилди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда депутатлар назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
6 030