Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2018 12:12 Чоп этиш версияси

Ҳумо қуши юксак парвозга шайланмоқда

Ҳумо қуши юксак парвозга шайланмоқда
Туғроларида шер, бургут ва бошқа рамзлар акс этган давлатларнинг ютуқлари хусусидаги янгиликлар жаҳон оммавий ахборот воситаларида дарёдек оқиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Энди улар қаторига туғросида Ҳумо қуши ифодасини топган қадимий, шу билан бирга, навқирон, орзулари улкан давлат ҳам қўшилди.

1503201812.jpg

Ўткир РАҲМАТ

Эйнштейн назариясига кўра, вақтнинг тезлиги ҳамма жойдаям бир хил эмас. Бу фикрга қўшилиш ҳам, инкор этиш ҳам мумкин. Лекин фойдали иш билан банд бўлсанг, вақт қандай ўтиши, аксинча, беҳуда сарфланган дақиқалар бениҳоя чўзилиши бор гап.

Айнан шундан келиб чиқиб мулоҳаза юритсак, 2018 йилнинг биринчи ярми мамлакатимиз учун қандай кечди, ислоҳотлар йўлида нималарга улгурдик, вақтдан ютдикми? 

Бу саволларга жавоб топиш учун газета саҳифаларини варақлаш ёки интернет олами бўйлаб кезиш шарт эмас. Бири иккинчисидан муҳим воқеа-ҳодисалар шундоққина кўз ўнгимизда юз берди. Январдан июлгача бўлган оралиқ жуда тиғиз ўтди. Кўрилган тадбирлар мантиқий узвийлик касб этиб, ҳар қайси қадам ўлчанган, пухта ўйланганлиги билан ажралиб турди. Ва албатта, энг эътиборни тортадиган воқеалар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати билан боғлиқ равишда содир бўлди.

Ҳимоядан — ҳужумга

Ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам ташқаридан нигоҳ ташлаганда аниқроқ кўринади. Шу боис, Ўзбекистондаги ўзгаришлар минтақамиз ва бутун дунё аҳлининг назарига тушгани бежиз эмас. 

Туркиянинг етакчи иқтисодий нашрларидан бири — “Derin Ekonomi” журнали шарҳловчилари ташқи сиёсатимиз тақвимини диққат билан кузатиб келишади. Улар жорий йил бошида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг ўн нафар етакчиси рўйхатига киритдилар. Мазкур рўйхатдан муҳим аҳамиятга молик қарорлари билан мавжуд вазиятни ўзгартириб юборадиган, бу билан халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг “ньюсмейкери” ҳисобланадиган етакчилар номлари жой олди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон раҳбари мамлакатни либераллаштириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга солиш, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган чуқур ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Янги раҳбарият томонидан мамлакатни амалда эркин бозор сари ҳаракатлантириш, ташқи савдо ҳамда валюта сиёсатини либераллаштиришга йўналтирилган ўта муҳим қарорлар қабул қилингани республиканинг хорижлик сармоядорлар учун жозибадорлигини оширди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг муҳим, эътиборга муносиб қадамларидан бири бошқа давлатлар, авваламбор, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни тубдан яхшилаш йўлини тутганида намоён бўлди. 

Футбол бўйича жаҳон чемпионати давом этаётган шу кунларда АҚШ Ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнелл Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий курси ўзгаришларига нисбатан жуда ўринли, ўта аниқ ташбеҳни келтирди. “Агар футбол атамалари билан ўхшатиш қиладиган бўлсак, илгари Ўзбекистон ҳимоя усулини қўллаб келарди. Лекин Президент Мирзиёев раҳбарлигида уни ҳужум усулига алмаштирди”, деди Корнелл.

Бу танлов мутлақо бошқаларга қарши қаратилган эмас. Эксперт фикрича, у Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар, Афғонистон, ғарбдаги шериклар ҳамда бошқа давлатларнинг манфаатига мос ва деярли ҳамоҳангдир. Шу билан бирга, Ўзбекистон сўнгги йиллардаги эришган ютуқларидан келиб чиқиб, фаол позицияни эгаллаяпти.

Шубҳасиз, эътироф ўз-ўзидан юз берадиган ҳаракатларнинг эмас, балки пишиқ-пухта мақсадга йўналтирилган прагматик тадбирларнинг натижасидир. Мамлакатимиз раҳбари ташқи сиёсатнинг мазмунини бойитиш, самарадорлигини ошириш вазифасини, аввало, Олий Мажлисга Мурожаатномасида, сўнг жорий йилнинг январь ойида бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишда илгари сурди. Айни шу ерда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” таклиф этилди, кейинроқ Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги Фармонда барча вазифалар ўз ифодасини топди.

“Аввал” ва “энди” ўртасидаги фарқ

Дунё мамлакатлари билан муносабатда ҳамкорликни жадаллаштириш учун жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Агар рақамлар кесимида айтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг фаол, чуқур ўйланган очиқ ташқи сиёсати қуйидагиларда яққол кўринади: январдан июнгача еттита олий даражадаги ташрифлар алмашинуви, 20 дан ортиқ давлат ва халқаро тузилмаларнинг раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказилди, 89 та халқаро шартнома ва битим имзоланди. Ташқи ишлар вазири яқинда парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида келтириб ўтганидек, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар раҳбарлари даражасида 120 та ташриф уюштирилди, ҳукуматлараро қўшма комиссияларнинг 10 та йиғилиши, 6 марта ташқи ишлар вазирликларининг маслаҳатлашуви ҳамда 2 марта хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди. 
Шунингдек, 656 та кўргазма, анжуман, тақдимотлар, 30 дан зиёд бизнес-форумлар ўтказилди. Республикамизга ишбилармон ва тадбиркорларнинг 572 та делегацияси ташриф буюрди.

Тор фикрловчи киши: хўш, бу учрашувлар нима беради, улар аввал бўлмаганми? — деб ўйлаши мумкин. Тўғри, бўлган. Аммо “аввал” ва “энди” сўзларининг ўртасида катта фарқ бор. 

Январдаги йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳар ким ўз фаолиятининг реал натижаларини кўрсатиши бўйича топшириқ берди. Энди элчилар ишида инвестиция жалб қилиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш асосий мезонлар бўлиб ҳисобланади. Хориждаги ваколатхоналаримиз, элчихоналарда савдо ва инвестиция бўйича дипломат ходимлар штатини киритиш, кенгайтириш ҳақидаги ташаббус мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри фойда келтиришга қаратилган. Бундан ташқари, ҳар қайси элчихонага вилоятлар, иқтисодиёт тармоқлари, йирик корхоналарни бириктиришга қарор қилинди. 

Мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти йўналишларини бир мақсад ва стратегия атрофида бирлаштириш орқали 17 миллиард АҚШ долларилик 182 та лойиҳани амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. 

Инвесторлар Ўзбекистонда катта имкониятларни кўрдилар. Тўғри, мамлакатимиз илгари ҳам жуғрофий жойлашуви, инфратузилмаси, қазилма бойликлари, меҳнат ресурслари билан бошқаларни ўзига жалб қилиб келган. Лекин муаммо кўпинча давлат амалдорларининг сусткашлиги ва турли тўсиқлар билан боғлиқ бўлиб, мавжуд афзалликлардан етарлича фойдаланилмаган. Хусусан, фойдани валютага конвертация қилиш деярли мумкин бўлмаган давлатда бизнес юритишдан маъни бормиди ўзи? Ҳаттоки, келиб, вазиятни ўрганиш учун ҳам элчихонага бир неча бор “таъзим қилиш”, сўнг асаблар қақшаб визани кутишга тўғри келар эди. 

Кўрилаётган тадбирларнинг мантиқий узвийлиги катта аҳамият касб этаётгани, яъни бир ижобий ечим кейингисига йўл очаётгани ҳақида юқорида ҳам айтиб ўтган эдик. Бу ерда ҳам шундай бўлди. Конвертациянинг изга тушиши февраль ойида яна бир муҳим қарорни қабул қилишга замин яратди, яъни виза бекор қилинди ёки уни олиш соддалаштирилди. Бу янгилик 40 дан ортиқ давлатларда улкан резонанс келтириб чиқарди. Уни нафақат ОАВда қизғин муҳокама қилишди, балки юқори даражадаги раҳбарлар ҳам шарҳлай бошлашди. Чунончи, эрта баҳорда Ўзбекистонга ташриф буюрган Режеб Таййип Эрдўғон Туркия фуқаролари учун 30 кунгача муддатга визасиз тартиб ўрнатилганини юксак баҳолади, бунинг учун Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди. 

Бошқа қитъалар вакиллари-чи? Улар ҳам сайёҳларнинг ортиқча қоғозбозликдан халос бўлганини олқишладилар. ТИВ хабарига кўра, қатор давлатлар учун визасиз тартиб ўрнатилгани ва уни олиш соддалаштирилгани Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар оқимини икки бараварга кўпайтирди. Беш ой ичида мамлакатимизга 2,2 миллион нафардан зиёд чет эл фуқаролари ташриф буюрди. Шундай қилиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан ўсиш 93 фоизни ташкил этди. Келгусида бундан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда. Негаки, куни кеча Президентимизнинг яна бир қарори эълон қилинди. Унга кўра, жорий йил 15 июлдан бошлаб виза расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик идораларига мажбурий мурожаат этишлар бекор қилинди, кириш визасини олиш муддатлари қисқартирилди, энг аҳамиятлиси, эндиликда электрон кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш учун “E-VISA.UZ” тизими жорий этилади. 

Биз ва дунё

Янги даврнинг яна бир ёқимли жиҳати — хорижда Ўзбекистон тўғрисида кўпроқ ёза бошлашди. Медиа-макон аудиторияси мамлакатимиз ҳақида батафсил маълумот олишга киришди. Бу жуда муҳим. Майли, кўпми-озми, ҳар иккинчи, бешинчи, ўнинчи, ҳатто йигирманчи киши Буюк Ипак йўлида жойлашган юрт ҳақида бирор янгилик билан танишар экан, уни келиб кўришни, албатта, хоҳлаб қолади, шу ерда иш юритиш имкониятларини чамалаб кўради.

Бинобарин, турли кўринишда берилган ахборот ўқувчиларда тасаввур ва тегишли хулосаларни ҳосил қилади. Уларга тажрибани ҳам қўшсак, ҳар бир мамлакат учун жуда қимматли ҳисобланувчи “обрў” деган тушунча, замонавийроқ қилиб айтсак, “жозибадор имидж” шаклланади. 

Кўпгина хориж нашрларида юртимизга нисбатан тез-тез ишлатилаётган бир жумлани кузатиш мумкин. Лондонда чиқадиган “Foreign Direct Investment Magazine” халқаро бизнес-журналининг бош муҳаррири Кортни Фингар бу фикрни ўз мақоласининг сарлавҳасига чиқарди — уни “Ўзбекистонда бурилиш” деб атади. 

“fDi Magazine” бош муҳаррири Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти билан боғлайди ва қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида бошқа йўналишлар қатори иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича вазифалар ҳам акс этганини таъкидлайди. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Doing Business-2018” ҳисоботида илғор ўнталикка киритилди. Муаллифнинг санаб ўтишича, ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари 118 та Фармон қабул қилган бўлиб, унинг 54 таси иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш, 22 таси эса суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ. Шунингдек, 29 та янги қонун қабул қилинган ва уларнинг 19 таси шу йўналишларга тегишли. Мақолада қайд этиладики, Ўзбекистон Президенти иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқаришга жиддий киришган ва бугунги кунда улар жадал суръат билан давом эттириляпти. 

Бундай сиёсат нафақат обрўли инвест-журнал вакилининг эътиборини тортди. Дунё сари очилаётган мамлакатимиз глобал молиявий секторни ҳам қизиқтиряпти. 

Евросиё тараққиёт банки халқаро банкларининг инвестициявий фаолияти шарҳига кўра, йилнинг биринчи чорагида шу каби кредит ташкилотлари томонидан амалга оширилган молиялаштиришнинг энг кўп ҳажми МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистонга тўғри келган. Яъни мамлакатимиз 841 миллион доллар маблағни жалб қилган, бу эса Ҳамдўстлик давлатларига берилган маблағлар умумий ҳажмининг 78 фоизини ташкил этади. Кўриниб турибдики, ишбилармонлик оламида ҳамённинг ҳажми мамлакатнинг очиқлиги, обрўси ва имиджи, у ҳақдаги маълумотнинг кўплиги билан боғлиқ. 

Тарихни ким ёзади?

Энг янги тарих айни шу кунларда ёзиляпти. Шубҳа йўқки, келажакда бу бўйича тайёрланадиган дарсликлар анча қалин китобларга айланади. Уларга, жуда қисқа давр — бир неча ой давомида ўтказилган учрашувлар, илгари сурилган ташаббуслар киритиладики, у тарихнинг энг ёрқин лавҳалари бўлиб қолажак. 

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифининг ўзиёқ алоҳида бир бобга арзигулик. Эсланг, Душанбеда ёмғир ёғиб туришига қарамай, азиз меҳмонни кутиб олиш учун ўн минглаб одамлар кўчага чиқди. Самимий табассум, бир-бирини соғиниб қолган қўшниларнинг астойдил шодлиги ҳукмрон бўлди ўша онларда. Икки томонлама музокаралар оддий халққа 30 кунгача визасиз борди-келди имкониятини берди, қариндош-уруғ ва дўстларни бирлаштирди. Ўтиш пунктлари очилди. Шунингдек, Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Президентимиз ташаббуси билан Остонада ўтказилган биринчи маслаҳат кенгаши каби тадбирлар ҳам минтақавий ҳамкорликда янги қирраларни очди. Куни кеча 20 йиллик тўйини кенг нишонлаган ушбу шаҳарда дўстлик ришталари билан боғланган қўшни мамлакатлари ўртасида яна самимий мулоқотлар бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи стратегик шерикликнинг янги даврига асос солди. Мезбон давлат маъмурияти ўзбек етакчисининг ташрифини тарихий деб атади. Дональд Трамп юқори мартабали меҳмонни: “Сиз билан Оқ уйда учрашиш биз учун шараф”, деган сўзлар билан кутиб олди. У Ўзбекистон АҚШ учун муҳим давлат ва стратегик шерик бўлиб қолишини, республикамизнинг минтақадаги мавқеи ортиб бораётганини қайд этди. АҚШ Президентининг сўзларига қараганда, Ўзбекистондаги Президентлик сайловидан кейин мамлакатларнинг ўзаро муносабатлари янги босқичга чиқди. 

Биргаликда қабул қилинган ҳужжатлар ўта салмоқли, у 4,8 миллиард долларлик 20 дан ортиқ шартномаларни ўз ичига олади. Бу фақат бошланиши. Мамлакатимиз билан ҳамкорлик масаласига эътиборнинг янада кучайганидан яқиндагина хабар қилинган янгилик ҳам далолат беради. Яъни АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси вазифасига Даниел Розенблюмнинг номзоди тавсия этилди. У айни пайтгача АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари лавозимида ишлаган, демак, минтақада муносабатларни ривожлантиришга масъул бўлган, катта тажриба орттирган. 

Давлатимиздаги миссиясини якунлаётган элчи Памела Спратлен хоним айтишича, уч йил аввал бир мамлакатга келган бўлса, бугун бутунлай бошқача Ўзбекистондан жўнаб кетяпти. Чиндан ҳам, мамлакат ичкарисидаги ислоҳотлар билан бир қаторда, юртимизнинг овози ташқи дунёда баланд ва дадил жарангламоқда. 

Жаҳонда акссадо берган муҳим сиёсий тадбирлардан яна биттаси — Афғонистон бўйича ўтказилган юқори даражадаги Тошкент конференциясидир. Бу воқеага Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам қизиқиш билдирди. Бош котиб Антониу Гутерриш анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, унда конференциянинг Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидаги алоҳида аҳамиятини таъкидлади. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкент конференциясини ўз вақтида амалга оширилган ҳамда муҳим сиёсий жараён, деб атади. Мазкур нуфузли форум якунида декларация қабул қилиндики, у хорижий давлатлар билан маслаҳатлашувлар, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан ишчи учрашувлар ўтказиш учун асос бўлмоқда. 

Ўзбекистон етакчисининг яна иккита ташаббуси муносиб қарши олинди. Циндао шаҳридаги саммитда илгари сурилган ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаатини қабул қилиш ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифлар ҳамма иштирокчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Орадан икки ҳафта ўтмаёқ, БМТ Бош Ассамблеяси “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясини бир овоздан қабул қилди. Ўзбекистон Президентининг ғояси дунёнинг тўртта қитъасида жойлашган 55 та мамлакат билан ҳаммуаллифликда рўёбга чиқарилди. Экспертлар ҳамжамияти бу ҳодисани муҳокама қилар экан, бизнинг минтақамизни гуллаб-яшнаётган, ўзаро боғланган сиёсий макон, дея баҳоламоқдалар.

Таҳлилчилар фикрича, минтақада ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича мамлакатимиз таклифларининг сўзсиз қўллаб-қувватланиши бу жараённи бутун дунё ҳамжамияти ҳам олқишлаётганидир, деб ҳисоблаш мумкин. Демак, ушбу жараёнлар байроқдори Ўзбекистон — энг тўғри йўл билан шиддатли қадамлар ташлаб олдинга ҳаракатланмоқда. 

Мушоҳадаларимиз дебочасида давлатимиз туғросидаги Ҳумо қуши парвозига тўхталиб ўтган эдик.

Ҳумо — эзгулик, яхшилик, бунёдкорлик, поклик, ҳалоллик, адолат, меҳру оқибат, раҳм-шафқат, умид ва орзуларнинг абадиятга дахлдор тимсолидир. У юксак парвозини бошлади. Буни эса бутун дунё кўрмоқда, кузатмоқда. Жўшқин воқеликнинг мазмун-моҳияти айнан ана шунда.

5 918