Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2018 19:53 Чоп этиш версияси

Украин аёлининг “Дам шав, ана, пойи Ғафуржон омад” деган гапи лол қолдирган эди

Украин аёлининг “Дам шав, ана, пойи Ғафуржон омад” деган гапи лол қолдирган эди
1971 йилнинг ёзида уйимизга Украинанинг Конотоп шаҳридан меҳмонлар келишди. Бобом ва бибимнинг (Бухорода бувини шундай дейишади) ўша дамдаги қувончларини кўрсангиз эди. Бу хурсандчиликка қўни-қўшни, қариндош-уруғ, бутун қишлоқ шерик бўлди.

Чамаси 40 ёшлардаги келишган ва ниҳоятда гўзал украин аёли ўзини уларнинг бағрига отиб, бобомни “Дадажон”, бибимни “Онажон” дея кўришганида ҳамма йиғлаб юборди.

Опа ҳамма билан кўришиб бўлгач, турмуш ўртоғи Николай ака ва ўғли Володяни таништирди.

Меҳмонлар роса бир ой бизникида юрди. Ўшанда бутун қишлоқ галма-галдан шу гўшада улғайиб, тарбия топган қизини меҳмон қилди, ўз фарзандини қандай соғиниб кутган бўлса, уларни ҳам худди шундай эъзозлади ва Бухорони бир умр эслатиб турувчи совға-саломлар берди.

Наташа опа келган кунларидан бошлаб ўзи ўсиб-улғайган қишлоқ шароитига мослашди-қолди. Ўша пайтлар ҳали ёш қизалоқ бўлсам ҳам, опанинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб борганман.

“Нима эксанг, шуни ўрасан!”, деган пурмаъно ҳикмат бор халқимизда. Оиламизда Зуҳра бибимнинг ўз тутумлари бор эди. У кишидаги фаросат, озода-орасталик, саранжом-саришталик Наташа опада шундоққина намоён бўлиб турарди. Келган кунларидан бошлаб ота-она олдидаги бурчини адо этишга киришиб кетди. Ҳовли супурди, уй тозалади, бир ой давомида кийимларини бировга ювдирмади, бобом ва бибимнинг ҳам кийим-бошларини ўзи ювди. Нодир укам бир ёшлардаги дўмбоққина бола эди. Опа келган кунларидан то кетгунига қадар уни парваришлашда онамга ёрдамчи бўлди. Энди ўйлаб қарасам, болаликда шундай меҳр-муҳаббат кўриб ўсганларининг исботи эди бу.

Яна бир жиҳат ёдимда қолган. Биздан юқорироқдаги маҳаллада Ғафуржон ака деган киши бўларди. Баъзан ичиб олса, бутун қишлоқ болалари ундан қўрқиб қочар эди. Меҳмонлар келган пайтлар уч ёшлардаги Нуриддин укам кўп йиғларди. Шунда Наташа опа уни жим қилиш учун “Дам шав, ана, пойи Ғафуржон омад”, яъни “Жим бўл, ана, Ғафуржоннинг оёғи келди”, дер ва у йиғлашдан тўхтар эди. Украин аёлининг қишлоғимиз шевасида бундай бийрон гапириши ҳаммамизни лол қолдирган эди ўшанда.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари Украинадан эвакуация қилинган болалар Шофиркон туманига ҳам келтирилган. Имконияти бор оилалар ана шу болаларни ўз тарбиясига олган. Ўшанда бобом – Имомиддин Ғаффоров 8 ёшлар атрофидаги Наташани уйга олиб келган эканлар.

“Шунча боланинг орасидан мени – жуссаси кичкина бир қизчани танлаб олганларидан шунчалар хурсанд бўлганманки... Лекин дадам нега айнан мени танлаганларини, қайси жиҳатим уларга маъқул бўлганини ҳозиргача ҳам аниқ билмайман”, – деган эканлар укалари бўлмиш дадамга.

Наташа опа 18 ёшга тўлгунларига қадар икки ўғли, бир қизи бор оиланинг катта фарзанди бўлиб вояга етган. Шофиркон тумани марказидаги рус тилида ўқитиладиган мактабда таълим олган. Украинада қолган опалари уруш тугаганидан кейин жигарларини излай-излай охири манзилини топишган. Наташа опанинг поччалари келиб, тарбиялаган ота-онага миннатдорлик билдириб, уларнинг рози-ризолиги билан олиб кетишган экан.

Шундан кейин хат орқали алоқа қилиб туришган. Бибим хамирни соф сариёғ ва думбаёғда бухороча қорма патир пишириб, туршак, майиз, иссиқ пайпоқ, қўлқоп ва бошқа буюмларни Наташага деб "посилка" қилиб турган. Бу ҳолат бобом билан бибимнинг умрлари охиригача давом этди. Энди ўйласам, бу совға-саломлар бир рамзий тимсол бўлган – шу орқали ота-оналик меҳр-муҳаббати ҳадя этиб келинган.

1974 йили қариндошларимиз, эр-хотин Қаҳрамон ака ва Набияхон янга ўғиллари Рустамжон бобом, бибим ва Нуриддин укамни олиб, Украинага – Наташа опаникига боришди. Бир ой меҳмон бўлиб, қизларини кўриб қайтишди. Бобом сўзлаб берган мана бу воқеа ҳар қандай кишига таъсир қилса керак:

“Қизим бизни электр поездда Украина бўйлаб сафарга олиб чиқди. Бир гал у вагоннинг ўртасида туриб олиб, баланд овозда “Азиз ватандошлар, танишинглар, мана, менинг ўзбекистонлик ота-онам – Имомиддин Ғаффоров ва Зуҳра Наврўзова. Дунёга келтирган ота-онам урушда ҳалок бўлиб, Ўзбекистонга эвакуация қилинганимда шулар мени фарзанд қилиб олишган. 10 йил боқиб, тарбиялаб, вояга етказишган. Мен умримнинг охиригача улардан қарздорман. Шуни сизларга айтгим келди!..” , деб ҳайқирса бўладими. Ҳамма қарсак чалди. Кейин бир-бир келиб, бибинг иккимизни қучоқлаб, дўст украин халқи номидан миннатдорлик билдиришди. Биз Украинада бунчалар шараф топамиз, деб ҳеч хаёлга келтирмаган эканмиз..."

Орадан бир йил ўтиб, 1975 йили дадам Насриддин Ғаффоров бир ой Украинада дам олдилар. Наташа опа ўзи, баъзан яқинлари билан келиб дадамни кўп меҳмон қилишган. Тақдирни қарангки, Нуриддин укам 1986 – 1988 йиллари айнан Украинада ҳарбий хизмат бурчини ўтади. Улар тез-тез ҳарбий қисмга келиб, укамдан хабар олиб туришган, уйларида меҳмон қилишган. 1990 йили Ёқуб акам хизмат сафари билан Украинага борганларида Наташа опа билан дийдорлашиб келдилар.

Иккинчи жаҳон уруши халқларни бирлаштирган эди. Бу даҳшатли муҳорабадан жабр кўрганларнинг дарди бир эди. Масалан, Наташа опани ўз қизидек тарбиялаган Зуҳра бибимнинг Наврўз деган акалари йигит ёшида урушда бедарак кетган. Бибим умрларининг охиригача акаларининг эшик тақиллатиб кириб келишини кутиб яшадилар. Афсус, биз фарзандлар бибимдаги бу олижаноб туйғуларни, бу армонли соғинчларни катта бўлганимиздагина англадик.

Бобо-бибимдаги, умуман, ўша йилларда халқимиз кўрсатган бу бағрикенглик, бу меҳр-оқибат, юксак одамийлик фазилатлари қадрига энди-энди – улар ўтиб кетганларидан кейингина етиб, моҳиятини англаяпмиз. Во дариғ, энди кеч. Лекин кўнгилга таскин берадиган бир буюк илинж бор: биз шундай олижаноб халқнинг вакили, давомчилари эканимиздан фахрланамиз.

Албатта, бу фақат менинг бобо-бибимгагина эмас, бутун Ўзбекистон халқига хос бағрикенглик эди. Ахир, халқимиз ўшанда уруш бўлаётган ҳудудлардан кўчириб келтирилган бир миллиондан ортиқ одамни бағрига олган, бошпана берган. Уларнинг 200 мингдан зиёди болалар эди.

Буни ҳеч ким – биз ҳам, Украина, Беларусь ва Россия халқи ҳам ҳеч қачон унутмайди, унутишга ҳақли ҳам эмас!

Зиёда Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази масъул ходими

ЎзА
10 187