ЎзА Ўзбек

11.08.2018 14:59 Чоп этиш версияси

Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш – диққат марказида

Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш – диққат марказида

2018 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

3.JPG

Видеоселектор шаклида ўтказилган мажлисда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг аъзолари, Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ва минтақавий ишчи гуруҳ раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

13.JPG

Мажлис кун тартиби доирасида жорий йилнинг етти ойи давомида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва галдаги вазифалар, шунингдек “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат” тизимини амалиётга жорий этиш тартиб-таомиллари муҳокама қилинди.

14.JPG

Республикамизнинг барча минтақаларидаги давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий вакиллик ва ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбар ҳамда мутасаддиларини қамраб олган мазкур тадбирнинг мақсади Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати ҳамда бу борадаги камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашдан иборат.

15.JPG

Танқидий руҳда ўтган ушбу тадбир ҳар бир мутасаддини ўйлантириши ва ташвишга солиши лозим бўлган аниқ фактлар таҳлилидан бошланди.

Қайд этилганидек, қисқа муддатда ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгиланиб, тизимни такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, бевосита жойларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида мавжуд куч ва воситалар жойларга қайта тақсимланди. Хусусан, илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугун ходимларнинг 35 фоизи девонларда қолдирилиб, 65 фоизи эса аҳолига яқин, яъни маҳаллаларга берилди. Натижада 2017 йилда жиноятлар сони 2016 йилга нисбатан 13720 тага ёки 16 фоизга, жорий йил олти ойида эса 13599 тага ёки 39 фоизга, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятлар сони 38,3 фоизга камайди.

Бироқ, олиб борилаётган кенг кўламли ишларга ва эришилган муайян натижаларга қарамай, мамлакатимиздаги криминоген вазиятдаги ўзгаришлар кўнгилдагидек эмаслиги таъкидланди. Бунинг боиси жиноятчиликнинг туб илдизини, энг асосий сабабларини аниқлаш ўрнига кўпроқ унинг оқибатларини бартараф этиш устида иш олиб борилмоқда, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳанузгача эскича ишлаш услубидан воз кечилмаган.

Баъзи ҳудудларда жиноят-қидирув йўналишидаги айрим жиноят турларининг сони ошиб бораётгани, айниқса, ташвишли ҳолдир. Жумладан, Андижон, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Жиззах вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида қасддан одам ўлдириш, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оғир тан жароҳати етказиш, Жиззахда босқинчилик, Наманган, Жиззах ва Қорақалпоғистон Республикасида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари кўпайган.

Қотиллик жинояти аксарият ҳолларда оила-турмуш ва қўни-қўшничилик билан боғлиқ муаммолар оқибатида юз бермоқда. Жорий йилнинг 7 ойида 277 та қотиллик жиноятининг 116 таси ёки 42 фоизи қариндошлар, 25 таси ёки 9 фоизи қўни-қўшнилар ўртасида содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 95 таси ёки 34,2 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил ўртасида содир этилгани миллий анъаналаримиз ва оила қадриятларига мутлақо зиддир. Ушбу йўналишда ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш учун масъул раҳбарларнинг бундай аҳвол юзасидан тушунтиришлари эшитилди.

Шунингдек, мажлисда мутасадди идораларнинг тезкор-қидирув фаолияти, шахсларни профилактик ҳисобга олиш, улар билан ишлаш борасида йўл қўйилган жиддий камчиликлар, профилактика инспекторларининг ҳисоботини эшитиш амалиётини тўғри йўлга қўйиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда

жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга нафақат давлат идоралари, балки жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик, барча фуқаролар масъулдир. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва унинг тузилмалари фаолияти тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида мамлакатимиз маҳаллаларининг қарийб 60 фоизида жиноят содир этилган. Олиб борилаётган ишларда изчиллик етишмаётгани кўплаб ҳуқубузарликларнинг такрор содир этилишида намоён бўлмоқда. Шу муносабат билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш фаолиятини янада такомиллаштириш, барча тегишли тузилмалар раҳбар ва ходимларининг масъулиятини ошириш бўйича қатор аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

Сўзга чиққанлар жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бугунги кунда ҳар бир давлат ва нодавлат идорасининг зиммасига янада масъулиятли вазифаларни юклаши, жумладан “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат” тизимини амалиётга татбиқ қилиш лозимлиги эътироф этилди. Хусусан, ушбу тизим доирасида ваколатли давлат идоралари, маҳалла, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи ташкилотлари томонидан жиноятнинг туб сабаблари ва уни келтириб чиқарган барча шарт-шароитлар ўрганилиб, жиноят қайта содир этилмаслиги учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши, айбдор шахслар аниқланиб, уларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойиллари асосида қатъий чоралар кўрилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мажлис иштирокчилари “Ёшлар-келажагимиз” Давлат дастури амалга оширилишини депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш, ушбу Дастур ижроси учун масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида мунтазам эшитиб бориш амалиётини йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида фикр юритдилар.

Мажлисда қизғин муҳокамалар якуни бўйича Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниб, унинг ижроси қатъий назорат остига олиниши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

ЎзА
8 433