ЎзА Ўзбек

02.07.2018 20:34 Чоп этиш версияси

"Уддабурон" ўғри қўлга тушди

"Уддабурон" ўғри қўлга тушди
"Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганларидек, бир неча бор жиноят содир этиб, муқаддам судланган Тошкент шаҳрида яшовчи М.Воҳидов яна жиноят кўчасига кирди.

2018 йил 23 май куни соат тахминан 12:30 да М.Воҳидов Яккасарой тумани Зарбоғ кўчасида қаровсиз қолдирилган фуқаро Н.Отажоновга тегишли автомашина олд ўриндиғидан сумкача ичидаги фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, талони, меҳнат дафтарчаси ва 170 минг сўм пулларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. У жабрланувчининг паспорт ва бошқа муҳим шахсий ҳужжатларини ташлаб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборади.

М.Воҳидов бу билан чекланиб қолмай, ўғирлик қилишни давом эттириб, 2018 йил 28 май куни соат тахминан 17:00 да тумандаги Б.Бобоева кўчасида қаровсиз қолдирилган фуқаро А.Қаюмовга тегишли автоулов ичидаги 300 минг сўм пулни ҳам ўғирлаб кетади. Воқеа бўйича жабрланувчиларнинг ёзган азризасига кўра, ички ишлар органлари томонидан тезкор-тергов тадбирлари ўтказилиб, айбланувчи М.Воҳидов қўлга олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди томонидан ҳудуддаги “Муқимий” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр суд мажлисида судланувчи М.Воҳидов айбига тўлиқ иқрор бўлди.

Судланувчининг кўрсатмасидан ташқари, дастлабки терговда тўпланган, суд муҳокамасида сўралган ва текширилган далиллар билан ўз исботини топди. Жабрланувчи А.Қаюмов ҳам суд мажлисида кўчасига жойлаштирилган видеокузатув камерасига ёзилган тасвирларни кўрган вақтида бир номаълум шахс машинасидан нарсаларини олиб қочиб кетаётганини кўриб, шу заҳоти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берганини таъкидлади.

Сайёр суд мажлисида М.Воҳидов қилмишидан пушаймон бўлиб, оилада асосий боқувчи экани, қарамоғида қари ота-онаси борлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришини сўради.

Суд томонидан судланувчи М.Воҳидовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилди.

Сайёр суд мажлиси якунида мутахассислар томонидан туман фуқароларига ҳуқуқбузарлик учун қонуний тартибда бериладиган жазодан мақсад, энг аввало, шахсни тарбиялаш, ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилишдан иборат экани тушунтирилди. 

А.Мусаев, ЎзА
12 477