Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 18:39 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида

Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ўзганинг мол-мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноят тушунчаси, унинг салбий оқибатлари ва олдини олиш чоралари” мавзусида аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, жойларда соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқаролар йиғини ва профилактика инспектори ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Аҳоли, биринчи навбатда, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш долзарб вазифалардандир, – дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Д.Тожибоев. – Бунда ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар, мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этадиган, фарзандлари тарбиясига лоқайд ота-оналарни, нотинч оилаларни аниқлаш ҳамда улар билан профилактика ишлари олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда фуқаролар ҳам ёрдам беришлари лозим.

Вилоятда ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноятчилик ҳолати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,3 фоиз ошган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти ҳамда туман, шаҳар судлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида фирибгарлик бўйича 596 нафар шахсга нисбатан 478 жиноят иши кўрилган. Жиноятчилар орасида хотин-қизлар ва ёшлар ҳам борлиги ачинарлидир.

Мулоқотда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактика тадбирлари самарадорлигини юксалтириш, фуқароларнинг огоҳлиги ва ҳушёрлигини ошириш, ёшлар тарбияси юзасидан фикр алмашилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 418






Все о погоде - Pogoda.uz