Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 18:02 Чоп этиш версияси

“Адолат” нашриёти томонидан 8,5 миллион нусхага яқин адабиётлар нашр этилди

Мамлакатимизда жамиятнинг моддий ва маънавий жиҳатдан уйғун ривожланишига, ёш авлоднинг баркамол бўлиб вояга етишига қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маънавиятимизнинг муҳим ва узвий қисми бўлган адабиётни ривожлантириш, ноширлик ва матбаа ишларини тараққий эттириш эътибор марказида бўлмоқда. Матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Бу борада ўндан ортиқ қонун ва ўттиздан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги хайрли ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан вазирлик ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриётида “Аҳолининг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини оширишда китоб мутолаасининг аҳамияти” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.

“Адолат” нашриёти директори А.Инанбобоев, юридик фанлари доктори М.Рустамбоев ва бошқалар мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғуси янада ортишига хизмат қилаётир.

Бу жараёнда ҳуқуқий адабиётлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, сифатини яхшилаш борасида 1992 йилда ташкил этилган ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йигирма беш йилда нашриётда мамлакатимизда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида 800 га яқин номда қарийб 8,5 миллион нусха адабиётлар нашр этилиб, аҳолига етказилди. Улар орасида Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, қонунлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, ҳуқуқшуносликнинг турли соҳаларига оид илмий, илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик, ўқув қўлланмалар бор.

Нашриётнинг изчил ривожида давлатимиз томонидан нашриёт, полиграфия корхоналарини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилаётгани, уларга солиқ имтиёзлари берилгани муҳим аҳамият касб этаётир.

2016 йилда нашриёт томонидан 50 га яқин номда адабиёт нашр этилган. Янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” китобининг ўзбек ва рус тилларида юз минг нусхада нашр этилганининг ўзиёқ аҳолининг юридик адабиётларга бўлган эҳтиёжи нечоғлик катта эканлигини кўрсатади. Шу даврда нашриётда Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, уларга шарҳлар, бошқа ҳуқуқий қўлланмалар ҳам нашрдан чиқарилди. Уларни тарғиб этиш мақсадида кўплаб кўргазма-ярмаркалар, сайёр китоб савдолари ташкил этилди. Янги нашрлар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилди.

Нашриётнинг “Юридик адабиётлар” дўкони замонавий талабларга жавоб берадиган масканда иш бошлади. Унда нафақат ҳуқуқий, балки бошқа нашриётлар томонидан чоп этилган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий, тарихий, илмий-маърифий китоблар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, турли мавзулардаги адабиётлар мавжуд.

Ҳуқуқшунос олимлар, муаллифлар, ноширлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган анжуманда жамиятда китобхонлик маданиятини шакллантириш, китоб чоп этиш ва уни тарғиб қилиш, мутолаага аҳолининг кенг қатламларини жалб этишга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида “Адолат” нашриёти томонидан чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
993






Все о погоде - Pogoda.uz