Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 14:40 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий маданият – давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ижрочилар ва аҳолини хабардор қилиш сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида ҳудудий бўлимлари ташкил этилди, – дейди Тошкент шаҳар адлия бошқармаси тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими бошлиғи Севара Зокирова. – Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Мазкур қарор билан ташкил этилган бошқарма зиммасига ижрочилар ва аҳолини қонунларнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилиш вазифаси юкланган. Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, ахборотдан кенг фойдаланишни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Бу борада комиссия аъзолари Тошкент шаҳридаги туманларга бириктирилиб, жойларда кенг қамровли тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Таълим муассасалари, маҳаллалар ва бошқа ташкилотларда учрашув, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармасида бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ўтказилган ўқув-амалий семинарда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг моҳияти, тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказиш тартиби, текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдиришдаги муҳим жиҳатлар тушунтирилди.

Тошкент шаҳридаги нотариал ва ФҲДЁ идоралари масъул ходимлари пойтахтимиздаги маҳаллаларга бириктирилди. Улар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашувлар ўтказиш ҳамда аҳолини қизиқтираётган саволларга мутахассислар томонидан белгиланган тартибда тушунтиришлар бериб бориш амалиёти жорий қилинди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларга қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида маҳаллаларда ҳафтада бир марта “Ҳуқуқий билимлар” ўқув-машғулотлари ўтказилмоқда. Машғулотларга олимлар, турли соҳа мутахассислари жалб этилаётир. Тошкент шаҳридаги 505 маҳаллада “Ҳуқуқий билимлар” ўқув-машғулотларини ўтказиш бўйича режа тасдиқланди.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар мамлакатимиз ва жамиятимиз ривожига, фуқароларнинг фаровон ҳаётини таъминлашга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Зеро, ҳуқуқий маданият тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 420






Все о погоде - Pogoda.uz